Орол денгизининг қуриган тубида 500 минг гектарлик ўрмонзор яратилади. Бу ҳақда Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгашининг раиси Қаҳрамон Сариев 20 декабрь, душанба куни халққа йўллаган мурожаатномасида маълум қилди, дея хабар бермоқда «Bugun.uz» мухбири.

Фото: «Bugun.uz»

Қайд этилишича, Қорақалпоғистонда 1 миллион 300 минг гектар майдонда янги муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар ташкил этилади. Жумладан, «Оролқум» биосфера резервати (Возрождение ороли) 1 миллион гектар ҳамда «Борсакелмас» буюртма қўриқхонасида 300 минг гектар майдонда муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар ташкил этилади.

«Орол денгизининг қуриган тубида яъна 500 минг гектар майдонда ўрмонзорлар барпо этилади. Оролбўйи ҳудудида экологик барқарорликни таъминлаш, атроф-муҳит мониторинги тизимини такомиллаштириш ва биохилмахилликни асрашга қаратилган умумий қиймати 9,6 миллион АҚШ долларига тенг 9 та грант лойиҳаси амалга оширилади», — деди Қаҳрамон Сариев.

Унинг сўзларига кўра, шунингдек, шаҳар ва туманлар марказида жами 280 гектар майдонда жамоат парклари ва яшил майдонлар ташкил этилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёев Орол фожиаси билан боғлиқ вазиятни оғирлаштираётган сабабларни маълум қилганди. Шунингдек, Бутунжаҳон илғор технологиялар бўйича 2021 йилги танловда Орол денгизини тиклаш бўйича инновацион режалар эълон қилинганди.