Шавкат Мирзиёев ҳузурида 20 декабрь куни балиқчилик соҳаси бўйича йиғилиш бошланиши хабар қилинганди. Президент матбуот котибининг маълум қилишича, балиқ етиштирувчиларга қатор енгилликлар тақдим этилади.

Фото: ЎзА

Хабарга кўра,

  • хонадонларда кооперация асосида йилига 80 тоннадан ортиқ балиқ етиштирган кластерлар уч йил муддатга барча солиқлардан озод этилади;
  • уйида балиқ етиштирувчилар учун «Ҳар бир оила — тадбиркор» дастури доирасида кредит миқдори 2 баробарга оширилади ва 2022 йилда 400 миллиард сўм йўналтирилади;
  • балиқ етиштирувчи хонадон эгалари учун ер ва мулк солиқлари 50 фоизга камайтирилиб, улар ўзини ўзи банд қилган аҳоли тоифасига ўтказилади;
  • хориждан мутахассис олиб келган балиқчилик кластерларига харажатларнинг бир қисми қоплаб берилади.

Йиғилишда 2022 йилда балиқ етиштириш ҳажми 600 минг тоннага етказилиши бўйича топшириқ берилган.

Маълумот учун, ўтган беш йилда балиқ етиштириш ҳажми 6 бараварга ошиб, 2021 йилда 400 минг тоннага етказилади. Шундай бўлса-да, Навоий, Наманган, Сирдарё, Фарғона, Тошкент вилоятларида ҳосилдорлик ҳалигача гектарига 3–4 тоннани ташкил этмоқда. Сабаби ушбу ҳудудларда интенсив балиқ етиштириш ҳажми умумий ишлаб чиқаришнинг 10 фоизидан ошмаяпти.