Қирғизистоннинг собиқ президенти Асқар Акаев 19 декабрь куни мамлакатни тарк этди. Бу ҳақда бош вазир аппаратининг собиқ раҳбари, Акаевга яқин бўлган Бекболот Талгарбековга таяниб, «Vesti.kg» хабар берди.

Фото: «EPA»

Унинг сўзларига кўра, собиқ президентдан «Қумтор» иши бўйича барча айбловлар олиб ташланган. «Асқар Акаев кеча соат 10:00 да Қирғизистондан Москвага жўнаб кетди. Унинг иши бутунлай тугади. Сўроқлар тугади. Уни айблайдиган ҳеч нарса йўқ. Унга қўйилган барча айбловлар олиб ташланди. Асқар Акаев учун Қирғизистонга йўл очиқ. Энди у исталган кун орқага қайта олади», — деган Талгарбеков.

Қайд этилишича, тергов давомида Акаев «Қумтор» олтин конидан ҳеч қандай маблағ олмаганини, бирорта ҳам улушга эга эмаслигини айтган.

Маълумот ўрнида, Акаев 2005 йил март ойида ҳокимият алмашганидан кейин 16 йил ичида биринчи марта 2021 йил 2 август куни Бишкекка учиб келди. У журналистларга бир ҳафтадан кейин Москвага қайтишини айтган эди. Бу вақт ичида у Қирғизистоннинг амалдаги президенти Садир Жапаров билан учрашди, «Қумтор» олтин кони иши бўйича Миллий хавфсизлик давлат қўмитасида сўроқ қилинди ва тергов билан битим тузди.

Шунингдек, у Кемин шаҳрига ташриф буюрди, таниқли одамлар билан учрашди, журналистларга интервью берди ва аҳолига видеомурожаат қилиб, кечирим сўради.

Аввалроқ Акаев 14 декабрь куни яна Қирғизистонга қайтгани айтилганди. Шунингдек, Қирғизистоннинг яна бир собиқ президенти ҳибсга олиниши маълум бўлганди.