Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши раиси Қаҳрамон Сариев йил якунлари ва 2022 йилги режалар тўғрисидаги мурожаатномасида 110 минг хонадонни қўшимча электр энергияси билан таъминлайдиган шамол электр станцияси қурилишини айтди. Бу ҳақда унда иштирок этган «Bugun.uz» мухбири хабар қилди.

Фото: «Bugun.uz»

Маълум бўлишича, Беруний туманида Саудия Арабистони томонидан шамол электр станциясини ташкил этиш лойиҳасининг қурилиш ишларига мингдан ортиқ ишчи жалб этилади. Ушбу лойиҳанинг қиймати 140 миллион долларни ташкил этиб, 100 М/Вт қувватга эга бўлади.

«Электр таъминотини яхшилаш мақсадида 21,3 миллиард сўм маблағ ҳисобига 159,5 километр электр тармоқларини тортиш ва алмаштириш учун ва 51 дона трансформаторни ўрнатишни режалаштирганмиз», — дея таъкидлади Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши раиси.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда 10 та қуёш ва шамол электр станциясини барпо этиш ишлари бошлангани ҳақида хабар берилганди. Бундан ташқари, Ўзбекистонда 2022 йилда электр энергияси ва табиий газ нархи ошиши маълум қилинганди.