Қорақалпоғистон маъмурий маркази Нукус шаҳрида қурилаётган «Nukus city» мажмуаси қачон яхлит ҳолатда битказилиши айтилди. Бу ҳақда республика Вазирлар Кенгаши раиси Қаҳрамон Сариев йил якунлари ва 2022 йилги режалар тўғрисида мурожаатномасидан сўнг ўтказилган брифингда «Bugun.uz» мухбирига маълум қилди.

Фото: «Bugun.uz»

Қайд этилишича, Президент қарори асосида барпо қилинадиган «Nukus city» шаҳарчасининг умумий майдони 70 гектардан ортиқ бўлиб, унда 16 қаватли уйлар, 20 қаватли меҳмонхона, бизнес марказлари, кўнгилочар масканлар, банклар, савдо дўконлари қурилади.

«Шаҳарча атрофида 5 та 16 қаватдан иборат қўп қаватли уй қурилмоқда. Биз бу ҳудудда 2022 йилда яна 5 та шунақа кўп қаватли уйдан қурамиз, 10 та объекти ҳам битади. «Nukus city»ни бир-икки йил ичида битказиш эмас, кенгайтириш имкониятимиз бор. Яхлит мажмуа сифатида эса 5 йилдан сўнг якунлаймиз», — деди Қаҳрамон Сариев.

Маълумот ўрнида, янги шаҳарча шаҳар марказидан оқиб ўтувчи «Дўстлик» каналининг чап қирғоғидаги майдонга, яъни «Турон» маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли ҳудудда барпо этилади. Қурилиш объектлари учун биринчи босқичда 43 гектар ер майдони танланган бўлса, иккинчи босқичда бу 53 гектарга етказилган. «Nukus city»нинг умумий майдони 70 гектардан ортиқ бўлади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ «Nukus city» қурилишида салкам 250 миллион сўм талон-торож қилингани аниқланганди. Хусусан, мансабдор шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми «а» банди ва 209-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.