Самарқандда кафеда содир бўлган портлашда 10 киши жароҳатлангани маълум қилинганди. Бош прокуратура матбуот котибининг хабар беришича, ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган.

Фото: Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ахборот хизмати

Маълум бўлишича, Оқдарё туманидаги ошхонада 19 декабрь куни чақнаш содир бўлган. Оқибатда ошхонанинг тахминан 40 квадрат/метр майдонида шифт қисми ва жиҳозлар ёнган. Бирламчи маълумотга кўра, 10 нафар фуқаро тан жароҳати олиб, туман шифохонасига олиб борилган.

Содир бўлган ҳолат юзасидан дастлабки терговолди суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизматининг «Bugun.uz»га маълум қилишича, воқеа оқибатида ҳалок бўлганлар йўқ. Ҳозирда ҳолат бўйича Жиноят кодексининг 259-моддаси (Ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Аввалроқ Деновдаги портлаш бўйича айбланувчи 3 шахс ҳибсга олингани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Намангандаги хонадонда портлаш содир бўлгани хабар қилинган.