Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов эрталаб ва кечқурун пиёда юришни ташкил қилган маҳалла раислари ва ташкилот раҳбарларини Дубайга юборишини маълум қилди. Бу ҳақда «Дарё» хабар берди.

Фото: Андижон вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Қайд этилишича, вилоят раҳбари соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, аҳолини оммавий спортга кенг жалб этиш, спорт билан шуғулланиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, спорт инфратузилмасини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётганини билдириб, 14 декабрдан—14 январга қадар вилоятда «Саломатлик ойлиги» ўтказилаётганини таъкидлаган.

«Битта маҳаллада беш юзта хонадондан ҳеч бўлмаса биттадан чиқиб, бир ой эрталаб ва кечқурун бир соатдан пиёда юрса, ўша маҳалладагиларнинг барчасини Самарқанд ва Бухорога саёҳатга юбораман. Агарда маҳалла раиси, профилактика инспектори ва уларнинг атрофидагилар уч ой давомида хонадонлардаги фуқароларни пиёда юришга жалб этишни ташкиллаштириб берса, уларни Дубайга юбораман.

Бундан ташқари, узлуксиз равишда эрталаб ва кечқурун ходимлари билан бирга пиёда юришни ташкил қилган ташкилот раҳбарларини ҳам Дубайга жўнатвораман. Қанча пул кетса ҳам майли. Мақсад одамларни юрғизиш. Бундан ортиқ бошқа нима қилиш керак?», — дейди Шуҳрат Абдураҳмонов.

Аввалроқ Фарғона вилоятида ортиқча вазнга эга амалдорлар ва оддий фуқаролар озса, уларга ҳар бир озган килосига 500 минг сўмдан пул берилиши маълум қилинганди. Бу ҳақда вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров 20 декабрь куни бўлиб ўтган сессияда айтиб ўтди.