Баҳодир Юсупов 20 декабрь куни Президентнинг Наманган вилоятидаги Халқ қабулхонаси мудири лавозимига тайинланди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати «Bugun.uz»га хабар берди.

Фото: Наманган вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

Хабарга кўра, у мазкур лавозимга Президент Администрацияси раҳбарининг 2021 йил 18 декабрдаги фармойиши билан тасдиқланган.

Маълумот учун, Баҳодир Юсупов 1961 йил 16 августда Наманганнинг Учқўрғон туманида туғилган. Маълумоти олий, 1982 йил Тошкент политехника институтини, 1997 йил Президент ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академиясини тамомлаган.

Фаолияти давомида халқ хўжалигининг турли тармоқларида ишлаган. Жумладан, у 2004–2009 йилларда Чуст тумани ҳокими, 2010–2015 йилларда Наманган вилояти ҳокими, 2016–2017 йилларда Косонсой тумани ҳокими, 2017–2018 йилларда Республика фермерлар кенгаши раиси, 2018–2019 йилларда қишлоқ хўжалиги вазири лавозимларида иш олиб борган.

2019 йилдан ҳозирга қадар Косонсой тумани ҳокими лавозимида фаолият юритиб келаётган эди. Баҳодир Юсупов Президент фармони билан «Меҳнат шуҳрати» ва «Дўстлик» орденлари билан тақдирланган.

Аввалроқ Зойир Мирзаев Тошкент вилояти ҳокими этиб тайинлангани ҳақида хабар берилганди.