«Толибон» ҳаракати Афғонистонда ҳокимиятни назоратга олганидан буён ўтган 4 ой ичида қандай ютуқларга эришгани маълум қилинди. Бу ҳақда «Sputnik Афғонистон» хабар берди.

Фото: «CTV News»

Таъкидланишича, эришилган ютуқлар ҳақида Покистон пойтахти Исломободда бўлиб ўтган Ислом ҳамкорлик ташкилоти саммити давомида ҳаракат ташқи ишлар вазири Амирхон Муттақий очиқлаган.

Унинг сўзларига кўра, ўтган 4 ой ичида хавфсизлик ҳолати яхшиланган, инвесторлар учун барча имкониятлар яратилган. Бунинг натижасида Афғонистон тез орада минтақавий иқтисодий алоқалар марказига айланиши мумкин.

Бундан ташқари, ташқи ишлар вазирининг қайд этишича, Афғонистон қамоқхоналарида биринчи марта сиёсий маҳбуслар сақланмаяпти. Ҳукуматдаги барча бўлимлар жуда қисқа вақт ичида иш бошлаган, 500 мингга яқин аввалги аппарат ходимлари ўз ўрнида фаолият юритмоқда.

«Афғонистонда коррупцияни енгиш ва бутун мамлакат ҳудудини назорат қилиш учун ягона ҳукумат яратилди», — дея таъкидлаган Муттақий.

Аввалроқ «Толибон» ҳаракати аъзолари ҳукуматни назоратига олгач, қанчалик ўзгаргани маълум бўлганди. Шунингдек, ҳаракат вазирларга нисбатан тақиқ қўйганди.