«Uzbekistan Airways» Янги йил арафасида талабалар учун чегирма эълон қилганди. Компания алоқа хизматининг «Bugun.uz»га маълум қилишича, мазкур чегирмалар арзон тарифлар учун қўлланилмайди.

Фото: «Bugun.uz»

Акциядорлик жамияти талабалар учун тақдим этган 50 фоизлик чегирма 28 декабрдан 10 январгача амал қилади.

«Ўз шаҳридан узоқда жойлашган олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган талабалар 28 декабрдан 10 январгача ‘Uzbekistan Airways’ ички авиақатновларига чипталарни 50 фоиз чегирма билан харид қилишлари мумкин», дейилган компания матбуот хизматининг хабарида.

Қизиғи шундаки, хабарда талабалар учун чегирмалар ички авиқатновлар учун амал қилиши айтилганига қарамай, баъзи чипталарни 50 фоиз арзонга харид қилиб бўлмайди.

«Bugun.uz» ҳолатни ўрганиш мақсадида компания алоқа хизмати билан боғланди. Олинган маълумотга кўра, талабалар учун чегирмалар фақат Иқтисодий – Y класс ва ундан қимматроқ билетлар учун амал қилади.

Бу дегани, масалан, Наманганда яшайдиган талаба 9 январь куни Тошкентга самолётда қайтиш учун 122 646 сўмлик Иқтисодий – Т классдаги чиптани чегирма билан сотиб ололмайди. 50 фоизлик имтиёздан фойдаланиш учун у камида Иқтисодий — Y классдаги чиптани харид қилиши керак.

Чегирмалар нима учун арзон тарифларга қўлланилмагани ҳозирча номаълум. Компания матбуот хизматининг «Bugun.uz»га берган изоҳига кўра, бу қарор маркетинг нуқтаи назаридан қабул қилинган.