Атамбаевга нисбатан икки иш бўйича қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси бекор қилинди

Қирғизистон собиқ президенти Алмазбек Атамбаевга нисбатан икки иш бўйича қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси бекор қилинди. Бу ҳақда Бишкекнинг Первомайский туман суди матбуот хизматига таяниб, «Sputnik Қирғизистон» хабар берди.

Фото: «Reuters»

Қайд этилишича, «Калис-Ордо» турар жой массивида мактаб қуриш ва Туркия фуқароларига ноқонуний паспорт бериш бўйича ишлар бир жараёнга бирлаштирилган. Айнан шу эпизодлар бўйича эҳтиёт чораси ўзгартирилган, чунки Қирғизистон янги Жиноят кодексига кўра, айбланувчини тергов изоляторида бир йилдан ортиқ ушлаб туриш мумкин эмас.

Атамбаевнинг адвокати Замир Жоошевнинг тушунтиришича, агар сиёсатчи Олий суд 2013 йилда «криминал авторитет» Азиз Батукаевнинг ноқонуний озод этилгани ҳақидаги иш бўйича қарорини бекор қилса, сиёсатчи озод этилиши мумкин.

Адвокатнинг эслатишича, 12 октабрь куни Олий суд Бош прокуратура талабига биноан Атамбаевга бу иш бўйича чиқарилган ҳукмни қайта тиклаган. Ўшанда Олий суд ишни Первомайский туман судига кўриб чиқиш учун юборган.

Аввалроқ Атамбаев парламент сайловларида иштирок этишни режалаштираётгани маълум бўлганди. Шунингдек, собиқ президент унга нисбатан қўзғатилган жиноят ишлари бўйича гапирганди. Шу билан бирга, Атамбаев қамоқдан қандай чиқмоқчилиги ҳақида хабар берилган.

Кўп ўқилган

Бошқа лойиҳаларимиз