Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.

«UzAuto Motors» орқа ойна иситиш тизимини текшириш мақсадида «Nexia», «Cobalt», «Lacetti» машиналарини қайтариб олишини эълон қилди. Унинг харидорлари эса, кўпчиликка маълумки, машинаси чиқиши биланоқ устахонага боради.

Фото: «UzAuto Motors»

Компания сифат талабларидан келиб чиқиб (Наҳотки? — ўринли савол), 5–17 декабрда ишлаб чиқарилган «Nexia», «Cobalt», «Lacetti» автомобилларини чақириб олиш дастурини эълон қилган. 20 декабрдан бошлаб айнан ушбу 3 та машинанинг сотувини кейинги йилнинг февралигача тўхтатган компаниянинг 5–17 декабрда ишлаб чиқарган машиналарининг орқа ойна иситиш тизимида муаммо чиққан.

Муаммолар табиий ҳол бўлиб қолган бўлиши мумкин, лекин компаниянинг бундай «кел, ўзим тузатиб бераман» дейиши ноодатий, албатта. Барча ишлар компания ходимлари томонидан дилерлик марказларининг сервис хизматида ишлаб чиқарувчининг маблағи ҳисобидан амалга оширилади. Автомобилларни чақириб олиш дастурига тўғри келган барча машина эгалари дилерлик марказлари ёки компания томонидан огоҳлантирилади.

Ҳурматли ушбу ягона автомобилсознинг харидорлари, агарда ушбу санада чиққан машинангизни устахонага обориб, тузатиб бўлмаган бўлсангиз, компания сервис марказларига боринг, тузатиб беришади (шекилли).

«Замдекан»и томонидан зўрлангани айтилган қиз омма олдида ногиронлар аравачасида чиқиш қилди. Муштарий Комилова воқеа ҳақида гапириб берди.

Тошкент шаҳрида ўтказилаётган «Тошкент ёшлар форуми—2021» доирасида «Аёллар форуми» бўлиб ўтди. Унда Низомий номидаги педагогика университетида содир бўлган «замдекан машмашаси»нинг асосий иштирокчиси Муштарий Комилова нутқ сўзлади.

Фото: Telegram / @shahnozxon

Талаба қиз мазкур воқеага тўхталиб, орзуларига етишишида ўша кунги воқеа тўғаноқ бўлганини айтган. У нутқи давомида айбловни тўлиқ иккинчи томон, яъни университет декан ўринбосарига юклаган.

«Дўстларим, севимли ишим, ўқишим ва келажак учун катта режаларим бор эди. Лекин 2021 йилнинг 18 октябрь куни саноқли сонияларда ҳаммасини йўқотдим. Менинг орзуларим ва ҳаётимни ўғирлаган инсон исми — Юлдашбек Боғабаев. Менинг университетимда декан ўринбосари лавозимида ишлаган, менинг номусимга тегишга ҳаракат қилиб, сўнг деразадан улоқтирди.

Ўша пайтда бирон суягим омон қолмаган деб ўйладим, оғриқ шу қадар кучли эди. Баъзан ҳозир уйғонаману, барчаси оддий туш бўлиб чиқадигандай туюлади», — дейди у.

Форумда иштирок этган блогер Шаҳноза Соатова талабанинг нутқини эшитиб, танловларни (Муштарий Зулфия мукофоти учун тавсия олгани «замдекан» хонасига киргани айтилган) онлайн ўтказиш кераклигини ёзган.

Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати Шоҳрух Ғиёсовнинг «Bugun.uz»га маълум қилишича, иш бўйича материаллар судга берилиши кутиляпти. Бундай ишлар одатда ёпиқ ҳолда кўрилади.

Қашқадарё ҳокими ажрашиш кузатилмаган маҳаллалар раисларига 10 миллион сўмгача пул берилиши ва энг яхши санаторийларга юборилишини айтди.

Қашқадарё вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Мурод Азимов ажрашишларга йўл қўймаган маҳалла раисларига йил охирида 5 миллион сўмдан 10 миллион сўмгача мукофот пули берилишини маълум қилди.

Ҳоким 20 декабрь куни ўтказилган вилоят сессиясида бу таклифни илгари сурган ва масъуллар ҳам унинг фикрини қўллаб-қувватлашини айтган.

«Бирорта маҳаллада ажрим бўлмаса, раисларга 10 миллион сўмгача пул мукофоти берамиз ва республикадаги энг яхши санаторийларга бориб, дам олиб келиши учун йўлланма ажратамиз» — дейди у.

Ушбу тизим қачондан ва қай тартибда ишга тушиши маълум эмас. Мурод Азимовнинг лавозимидан ҳали «вазифасини бажарувчи» қўшимчаси олиб ташлангани ҳам йўқ.

Колумнистимиз Ҳабибулло Мўйдинов маҳалла раисларининг ҳолатига атаб карикатура чизди. Бу орада эса Статистика қўмитаси Ўзбекистонда январь–октябрь ойларида 35 минг 660 та ажрим қайд этилганини эълон қилди.

Карикатура: Bugun.uz / Ҳабибулло Мўйдинов

Бошқа хабарлар пунктларда:

  • Наманганда келгуси йилда асосий эътибор таълим ва тиббиётга қаратилади. Асосий режалар;
  • Хоразмда йўл қурилиши ва таъмири учун салкам 257 млрд сўм ажратилади;
  • Сигарет сотишда ёш чеклови кучайтирилади. Алкоголь ичимликлар савдосида ҳам чекловлар мавжуд.

Хўш, оламда нима гап?

Россияда мигрантларга бармоқ изини ўз ичига олган чипли карта кўринишида патент берилади.

Россиядаги мигрантлар 29 декабрдан бошлаб эгаси юзининг электрон тасвири ва бармоқ изини ўз ичига олган чипли карта кўринишида патент олишни бошлайди.

Фото: «РИА Новости»

Россия Ички ишлар вазирлиги раҳбари Владимир Колокольцев имзолаган фармонга кўра, карточканинг ўлчами 8,5 га 5,3 сантиметр бўлиб, олд томонига эгасининг фотосурати, фамилияси, исми, отасининг исми ҳамда патент серияси ва рақами қўйилади.

«Россияга визани талаб қилмайдиган тартибда келган чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахсга электрон маълумот ташувчиси бўлган карта кўринишида бериладиган патент шакли тасдиқлансин. Мазкур буйруқ 2021 йил 29 декабрдан кучга киради», дейилади ҳужжатда.

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.