5-сониялик факт: 2021 йил инсон қўли билан ясалган аппарат Қуёшга етиб борган йил сифатида тарихда қолади.

Мулоҳаза учун 55 сония: Одамзот космосга чиқа бошлаганидан буён ярим асрдан сал кўпроқ вақт ўтди. Ернинг илк сунъий йўлдоши — «Спутник-1» 1957 йилда орбитага учирилган эди. Шундан сўнг, даставвал, 1961 йилда Юрий Гагарин коинотга парвоз қилиб биринчи фазогирга айланди. Турли модель ва мақсадлардаги автомат космик станциялар эса барча ички ва ташқи сайёралар томон учирилди.

Россиянинг «Спутник-1» сунъий йўлдоши
Фото: «Wikimedia»

Хусусан, 1961 йилдаёқ Венера сайёраси томонга «Венера-1» аппарати учирилганди. Меркурийга эса 1974 йилда АҚШнинг «Mariner-10» аппарати етиб борган. 1969 йилда эса ҳатто одамзот Ойга қадам қўйган эди. Ундан аввалроқ эса, 1965 йилда «Mariner-4» Марсга етиб борган бўлса, «Pioner-10» ва «Pioner-11» аппаратлари 70 йилларнинг ўрталарида Юпитер ва Сатурнга етиб борган.

Энг ташқи сайёралар — Уран ва Нептун 80 йилларда «Voyager-1» ва «Voyager-2» автомат космик станциялари орқали тадқиқ қилинган эди. Сайёралар сафидан «қувилган» Плутон томонга эса ҳатто алоҳида аппарат — «Янги Горизонтлар» учирилган ва у ҳам 2015 йилда манзилга етиб борган.

Одамзот қўли билан ясалган аппаратлар ҳаттоки сайёраларнинг йўлдошлари — Титан, Ой, Ио ва ҳoказоларга етиб борганига ҳам анча бўлди. Хусусан, Титан сиртига 2005 йилда зонд қўндиришга ҳам муваффақ бўлинган. Марсда эса айни дамда 5 та марскезар аппарат тадқиқот олиб бормоқда. Лўнда қилиб айтганда, машҳур кинофильмдаги қаҳрамон айтганидек, ҳозирда космик кемаларимиз бутун коинотни кезиб юрибди! Бироқ…

Асосий қисм, 4 дақиқа: Қуёш системасидаги деярли барча йирик объектларга космик аппаратлар етиб борган бир пайтда коинотдаги биз учун энг асосий объект бўлмиш Қуёшнинг ўзига шу чоққача бирор аппарат етиб бора олмаган эди. Бу, албатта, биринчи навбатда Қуёшдаги ўта катта ҳарорат кўрсаткичлари билан боғлиқдир (маълумот учун, Қуёш тожи 2 миллион даражагача қизийди, ядросида эса ҳарорат 15 миллион даражадан зиёд бўлади).

Фото: NASA

Қолаверса, Қуёшга учириладиган аппаратни ўта юқори ҳароратдан ташқари яна бошқа турдаги нурланишлар — ультрабинафша, гамма-нурлардан ҳам ҳимоя қилиш талаб этилади. Агар нурланишлардан ҳимоянинг тегишли чоралари кўрилмаса, аппаратга ўрнатилган асбоблар 1400 ℃ ва ундан баланд ҳароратларгача қизиши ва натижада ишдан чиқиши тайин. Шу сабабли ҳам, ташқарида аллақачон ХХI аср бўлишига қарамасдан, шу пайтгача бирор аппарат ҳали Қуёшнинг ўзига етиб бормаган эди. Марказий юлдузимизга шу чоққача энг яқин борган «Helios» аппарати ҳам 44 миллион км масофагача яқинлаша олган, холос. Бу Меркурий сайёрасининг Қуёшга энг яқин борадиган масофасидан атиги 2 миллион км ичкари бўлиб, ўша яқинлашув ҳам 1970 йилларда амалга оширилган.

Юқоридаги каби техник муаммоларни ҳал қилиш учун мутахассислар бир неча йиллар изланиш олиб борган ва Қуёшга томон учириладиган аппаратнинг иссиқликдан ҳимоя тизимини энг кам иссиқлик ўтказувчанликка эга материаллар билан қоплаш орқали муаммони ҳал қилишга уринган. Хусусан, углерод-углерод матрицаси орасига жойлаштирилган углерод кўпиги билан қопланган иссиқликдан ҳимоя қалқони бу муаммога жуда яхши ечим бўлиб хизмат қилиши аниқланган эди.

Хуллас, шу сингари замонавий технологик ечимларни қўллаш орқали NASA 2018 йили тарихда илк бора Қуёшнинг ўзига бевосита кириб борадиган аппаратни юлдузимиз томон учирганди. Аппаратга «Parker Solar Probe» деб ном берилиб, у ўша пайтда 91 ёшда бўлган астрофизик олим Южин Паркер шарафига аталган. Бу NASA тарихидаги ноёб ҳодиса ҳам бўлган эди. Чунки ўшанда NASA илк бора космик аппаратни ҳали ўзи ҳаёт бўлган олим шарафига номлаган.

«Parker» зонди 2018 йилнинг 12 август куни Қуёш томон йўлга чиққан. Зонд ўша йилнинг ноябрь ойида Қуёшнинг «шахсий» ҳудудига етиб борган. 7 йилга мўлжалланган ушбу дастурда зонд Қуёш атрофини жами 24 марта айланиб чиқиши кўзда тутилган ва 7 бора Венера гравитация майдони орқали гравитацион манёвр қилиб, ўз тезланишини янада ошириб бориши режалаштирилган. Охир-оқибатда, «Parker» зонди қарийб 200 км / сония тезликка эришиши мақсад қилинган. Шу тариқа, «Parker» ҳар сафар Қуёшга яна ва яна яқинлашиб бориб, энг яқин бориш масофасида юлдуз сиртидан атиги 6,1 миллион км узоқликда кузатув олиб бориши режалаштирилган. Дастурга мувофиқ, «Parker» жами 26 бора Қуёшга яқин бориши керак.

Зонд учирилгандан буён ўтган 3 йил мобайнида у 7 бора Қуёш яқинига максимал бориб улгурди ва қимматли астрофизик маълумотларни Ерга узатди. Саккизинчи бора эса «Parker» 2021 йилнинг 28 апрель санасида, Тошкент вақти билан соат 14:33 да Қуёшнинг «шахсий ҳудуди»га кириб борган ва мутахассисларнинг қайд этишича, ушбу саккизинчи яқинлашув инсоният учун тарихий аҳамият касб этган.

Сабаби, ўшанда «Parker» цивилизациямиз тарихида биринчи бора Қуёшнинг ичкарисига киришга муваффақ бўлган аппаратга айланди. Яъни, чўчимай айтиш мумкинки, инсоният энди Қуёшга ҳам етиб борди! Бу ҳақда NASA мутахассислари ҳам катта ҳаяжон билан баёнот берган, қолаверса, «Physical Review Letter» журналида мазкур тарихий ҳодисага бағишлаб алоҳида мақола ҳам чиққан. Шубҳасиз, ушбу натижа 2021 йилнинг астрофизика тарихида ўчмас из қолдиришини кафолатлайди.

«Parker» умумий ҳисобда 5 соат мобайнида Қуёш тожи ичкарисида бўлган. Ушбу «шўнғиш» яна шундай қизиқ бир маълумотни тақдим этди. Маълум бўлишича, Қуёшнинг «шахсий ҳудуди» ва сайёралараро фазонинг шартли чегараси деб ҳисобланувчи Алфвен чегараси бир текис юзали эмас, балки тўлқинсимон структурага эга экан. Шу туфайли ҳам «Parker» зондидаги приборлар Қуёш тожига бир неча марта кириб-чиқиш ҳолатини қайд этган.

Қолаверса, Алфвен чегарасининг ўзи ҳам Қуёшга олимлар ўйлагандек яқин жойлашмаган экан. Авваллари бу чегара Қуёш сиртидан 10–20 Қуёш радиуси масофасида бўлса керак, деб қаралар эди. «Parker» эса бу чегарани кесиб ўтган нуқтада Қуёшдан 19,7 радиус масофада бўлган ва ичкарига 18,4 Қуёш радиуси масофасигача кириб-чиққан. Ичкарида зонднинг асбоблари маҳаллий магнит майдони кучланганлигининг кескин ортишини ва зарядланган зарралар зичлигининг камайишини қайд этди. Чегарадан ташқарида зарядланган зарралар оқими Қуёшдан келиши кузатилган бўлса (бу табиий, албатта), тож ичида эса аксинча — оқим Қуёшнинг ўзи тарафига йўналган бўлар экан.

«Parker Solar Probe» зонди
Фото: NASA

«Parker» 2024 йилгача фаолият кўрсатиши режа қилинган ва юқорида ҳам айтилганидек, у максимал яқинлашув нуқтасида Қуёшга 6,1 миллион км гача кириб бориши кутилмоқда. Ушбу миссия орқали астрономлар юлдузимизнинг ҳозиргача биздан пинҳон турган кўплаб сирларини билиб олишлари кутилмоқда.

Шу тариқа, 2021 йилда ва ниҳоят, инсоният «қўли» Қуёшга ҳам етиб борди. Астрофизик олим Южин Паркер эса 94 ёшида ушбу муҳим тарихий ҳодисанинг жонли гувоҳига айланди. Тарихий натижа билан бутун илм аҳлини табриклаймиз.