Шавкат Мирзиёев ҳузурида 21 декабрь куни ер ҳисоби ва давлат кадастрларини тўлиқ шакллантириш юзасидан йиғилиш бошланиши хабар қилинганди. Давлат раҳбари унда ҳудудлар кадастрида кўплаб муаммолар мавжудлиги, бунинг орқасида пора ва коррупция турганини айтиб ўтди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Йиғилишда, хусусан, йўл, электр, газ таъминоти, сув хўжалиги, ободонлаштириш объектлари, кўп қаватли уйларга туташ ҳудудлар кадастридаги муаммоларга тўхталиб ўтилган.

«Бу — жуда катта ва муаммоли масала, жаноб ҳоким ва прокурорлар. Бунинг орқасида пора ва коррупция турибди. Юқоридаги натижалар ер кадастри соҳасида бошлаган ишларимизнинг 50 фоизи, холос. Ҳали олдимизда қилинадиган ишлар кўп. Бир нарсани аниқ тушуниб олиш лозим. Биз келгуси йилда 80 минг гектар пахта ва ғалладан бўшаган ерларни аҳолига бўлиб беришни режа қилганмиз.

Агар ернинг ҳисоби, аниқ чегараси бўлмаса, бу ишларни амалга ошириб бўлмайди. Қаерда бўш ер борлиги тўғрисида ҳам аниқ маълумот йўқлиги, бу билан 30 йил ҳеч ким шуғулланмагани қайд этилди. Оқибатда кадастр ҳужжати бўлмагани боис 2 миллиондан зиёд оилалар уй-жойларини на кредит гарови сифатида қўя олади, на уни сота олади», — деди Президент.

Шу боис мутасаддиларга ишни қуйидаги йўналишларда ташкил этишга топшириқ берилди:

  • 2022 йил 1 апрелга қадар қишлоқ хўжалиги ерларини ҳисобга олиш ишларини якунига етказиш;
  • ер балансидаги фарқ бўйича ер майдонларининг эгаси ва аниқ тоифасини белгилаб бериш;
  • 38 мингта субъектга тегишли ер ажратиш ҳужжатлари тўлиқ бўлмаган 1 миллион гектар майдоннинг ижара шартномаларини расмийлаштириш;
  • ер ажратиш тўғрисидаги барча қарорларни хатловдан ўтказиб, уларнинг эгаси, манзили ва чегарасини аниқ белгилаб, кадастр идораларига бериш;
  • деҳқон хўжаликларини кадастр рўйхатидан ўтказиш ишларига 20 миллиард сўм ажратиш.

Давлат раҳбари, шунингдек, деҳқон хўжалиги учун ерлар ажратилиши масаласига ҳам эътибор қаратди.

«Ҳокимлар бир нарсани ўзига ёзиб олсин. Деҳқон хўжалиги учун ерлар фақат танлов асосида ушбу маҳаллада яшайдиганларга, ‘дафтар’ларга кирганларга, деҳқончилик тажрибасига эга бўлганларга устуворлик асосида берилади», — деган Президент.

Шу боис вилоят ҳокимларига бир ой муддатда келгуси йилда аҳолига ижарага бериладиган 80 минг гектар ерни, энг аввало, захирага қайтарган ҳолда давлат рўйхатидан ўтказиб, лотларга бўлиб, танловга чиқариш топшириғи берилди.

Давлат раҳбари ер соҳасида қонун устуворлигини таъминлаш бўйича Бош прокуратура тегишли масъулларининг фаолиятидан мутлақо норози эканини таъкидлади: «Қонун билан ҳамма ваколатлар белгилаб берилди, жавобгарлик бир неча карра кучайтирилди. Лекин амал қани?»

Аввалроқ Кадастр агентлиги фаолиятини бошлаганидан бери 23 миллион гектар қишлоқ ерларининг электрон хариталари яратилгани ҳақида хабар берилган эди.