Тошкент шаҳрида ўтказилаётган «Тошкент ёшлар форуми–2021» доирасида «Аёллар форуми» бўлиб ўтди. Унда Низомий номидаги педагогика университетида содир бўлган «замдекан машмашаси»нинг асосий иштирокчиси Муштарий Комилова нутқ сўзлади, деб хабар бермоқда «Zamon.uz».

Фото: Telegram / @shahnozxon

Талаба қиз мазкур воқеага тўхталиб, орзуларига етишишида ўша кунги воқеа тўғаноқ бўлганини айтган. У нутқи давомида айбловни тўлиқ иккинчи томон, яъни университет декан ўринбосарига юклаган.

«Дўстларим, севимли ишим, ўқишим ва келажак учун катта режаларим бор эди. Лекин 2021 йилнинг 18 октябрь куни саноқли сонияларда ҳаммасини йўқотдим. Менинг орзуларим ва ҳаётимни ўғирлаган инсон исми — Юлдашбек Боғабаев. Менинг университетимда декан ўринбосари лавозимида ишлаган, менинг номусимга тегишга ҳаракат қилиб, сўнг деразадан улоқтирди. Ўша пайтда бирон суягим омон қолмаган деб ўйладим, оғриқ шу қадар кучли эди. Баъзан ҳозир уйғонаману, барчаси оддий туш бўлиб чиқадигандай туюлади», – дейди у.

Шунингдек, форумда иштирок этган блогер Шаҳноза Соатова Муштарий Комилованинг ногиронлик аравачасида онаси билан келгани, анча ҳарорати баланд нутқ сўзлаганини ёзиб қолдирган.

«Муштарийдан кейин сўз олган қизлар ҳам ўзлари дуч келган, бошларидан ўтган зўравонлик ҳақида гапиришди. Зулфия мукофоти олишдаги бюрократия ва торқарашлар ҳақида ҳам сўз очилди (Муштарийбону Зулфия мукофоти учун тавсия олгани замдекан хонасига киргани айтилган). Танловларни онлайн қилишга яна бир сабаб мана. Жуда қайноқ тадбир бўляпти», — деган блогер ўз постида.

Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати Шоҳруҳ Ғиёсовнинг «Bugun.uz»га маълум қилишича, иш бўйича материаллар судга берилиши кутиляпти. Бундай ишлар одатда ёпиқ ҳолда кўрилади.

Аввалроқ қизнинг онаси воқеа юзасидан интервью берганди. Шунингдек, Олий таълим вазирлиги «замдекан»и тегажаклик қилган қиз иши юзасидан муносабат билдирган.