Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) янги турдаги коронавирус қаердан келиб чиққанини ҳалигача билмайди. Бу ҳақда ташкилотнинг фавқулодда вазиятлар дастури директори Майкл Райанга таяниб, «РИА Новости» хабар берди.

Фото: «EPA»

Маълум қилинишича, фавқулодда вазиятлар дастури директорига коронавируснинг қаердан келиб чиққани ҳақида журналистлар томонидан савол берилган.

«Вируснинг қандай келиб чиқишини билиш биз учун муҳим. Аммо айни пайтда барчаси нимадан бошланганини аниқ билмаймиз», — дея жавоб берган Майкл Райан журналистларга.

Унинг сўзларига кўра, вируснинг келиб чиқишини ўрганиш бўйича ишлар давом этмоқда, аммо бу узоқ вақт талаб қилиши мумкин, шунинг учун натижаларни тез орада кутмаслик керак.

Маълумот ўрнида, АҚШ разведкаси коронавирус биологик қурол сифатида яратилмагани бўйича ҳисоботни эълон қилганди. Қайд этилишича, бу ҳужжат АҚШ президенти Жо Байден учун тайёрланган. 90 кун давом этган суриштирувлар натижасида разведка ҳамжамияти бир қанча муҳим масалаларда келишувга эришган. «Аксарият агентликлар SARS-CoV-2 генетик жиҳатдан ишлаб чиқилмаган, деб ишонади», дейилади ҳужжатда.

Қайд этилишича, тергов иштирокчилари аниқ бир фикрга кела олмаган. Шунинг учун ҳисоботда коронавирус келиб чиқишининг иккита версияси борлиги қайд этилган: касалликни юқтирган ҳайвон билан табиий алоқа ёки лабораторияда содир бўлган ҳодиса. Бундан ташқари, разведка ҳамжамиятининг фикрича, Хитой расмийлари касаллик авж олишидан олдин коронавирусдан хабардор бўлмаган.

«Хитойнинг ҳамкорлиги коронавируснинг келиб чиқишини аниқлаш учун керак бўлади. Бироқ Пекин глобал терговга тўсқинлик қилишда, маълумот алмашишга қаршилик қилишда ва бошқа мамлакатларни, шу жумладан, АҚШни айблашда давом этмоқда», дейилади ҳисоботда. Бундан ташқари, АҚШ президенти Жо Байден ўз баёнотида Пекин очиқликка интилмаслигини таъкидлаган.

Аввалроқ Хитой коронавирус келиб чиқишини аниқлаш бўйича қайта тадқиқот ўтказишни рад этганди. Шунингдек, коронавируснинг келиб чиқишини ўрганиш ишлари тўхтатилгани айтилган.