Шавкат Мирзиёев 21 декабрь куни ер ҳисоби ва давлат кадастрларини тўлиқ шакллантириш, соҳага рақамли технологияларни жорий этиш масалалари юзасидан ўтказилган йиғилишда бош прокурорга мурожаат қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Давлат раҳбари йиғилишда ҳудудлар кадастрида кўплаб муаммолар мавжудлиги, бунинг орқасида пора ва коррупция турганини айтиб ўтди.

«Республика бўйича 30 мингта фермер ва деҳқонларга ажратилган ер майдони ҳужжатга нисбатан 67 минг гектар кўплиги аниқланди. Ҳаммаси порахўрлик, ҳеч ким 1 гектар, 1 сотих ерни бекорга бермайдику. Айниқса, 28 мингта ҳолатда эса ҳоким қарорига нисбатан амалда 234 минг гектарга камлиги маълум бўлди. Бундан ташқари, йўл, электр, газ таъминоти, сув хўжалиги, ободонлаштириш объектлари, кўп қаватли уйларга туташ ҳудудлар кадастрида ҳам кўплаб муаммолар мавжуд.

Ҳоким ва прокурорлар, бунинг орқасида аниқ коррупция турибди. Мана шуни бош прокурор ҳам, ёқадими-ёқмайдими, ҳаммага айтиши керак. Бизда Конституцияда коррупцияга қарши прокуратура туради. Ўртоқ Йўлдошев, шуни ҳаммага қаттиқ айтиш керак. Бунинг орқасида пора турибди, коррупция турибди. Фақат мажлис ўтказиш эмас, катта-катта ҳокимларни жиноий жавобгарликка тортсангиз, мен сизни ҳурмат қила бошлайман», — дея таъкидлайди Президент.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев мазкур йиғилишда кадастр тизимини танқид қилгани ҳақида хабар берилганди. «Бу — жуда катта ва муаммоли масала, жаноб ҳоким ва прокурорлар. Бунинг орқасида пора ва коррупция турибди. Юқоридаги натижалар ер кадастри соҳасида бошлаган ишларимизнинг 50 фоизи, холос», — дейди Президент.