Россиялик аллерголог ҳамда иммунолог Владимир Болибок коронавируснинг «омикрон» штамининг кутилмаганда пайдо бўладиган аломатини маълум қилди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар берди.

Фото: «The Japan Times»

Шифокорнинг таъкидлашича, коронавируснинг барча вариантлари учун 70 дан ортиқ аломатлар тавсифланган, аммо шунга қарамай, ҳар бир штамм бир аломати билан бошқаларидан ажралиб туради.

«‘Омикрон’нинг энг характерли аломати эса бош оғриғи ва кутилмаганда пайдо бўладиган заифлик, кучни йўқотиш ҳисобланади», — дейди мутахассис.

Унинг айтишича, аломатлар турли штамларда такрорланади, бироқ баъзи аломатлар айрим штамларда аниқроқ намоён бўлади.  «Хусусан, коронавируснинг асл кўринишида ҳиднинг йўқолиши асосий аломат бўлса, ‘дельта’да бу камроқ, ‘омикрон’да эса жуда кам учрайди», — дейди Болибок.

Аввалроқ ЖССТнинг «омикрон» штами тарқалишига оид прогнози эълон қилинганди. Шунингдек, «омикрон» штамининг фақат кечаси намоён бўладиган аломати маълум бўлганди.