«Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳолининг даромад манбаини кенгайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Қарорга мувофиқ, 2022 йилда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастури доирасида мақсадли жамғармалар ҳамда Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг ресурслари банкларга йиллик 10 фоизда жойлаштирилади.

Шунингдек, имтиёзли кредитлар йиллик 14 фоиз ставкада:

  • аҳоли ҳамда тадбиркорларга — 3 ойдан 6 ойгача имтиёзли давр билан 3 йилгача;
  • чорвачилик, балиқчилик ва паррандачилик учун — 1 йилгача имтиёзли давр билан 3 йилгача;
  • боғдорчилик, узумчилик ва лимончилик, иссиқхона, қишлоқ хўжалиги техникаси ва асбоб-ускуналарни харид қилиш учун — 3 йилгача имтиёзли давр билан 7 йилгача;
  • Ҳунарманд уюшмаси аъзоларига — 3 йилгача ҳамда айланма маблағларни тўлдириш учун 18 ойгача ажратилади.

Қолаверса, кредитлар ҳоким ёрдамчисининг тавсияси асосида берилиши айтилган. Таъкидланишича, чорвачилик учун кредитлар камида 10 дан 50 бошгача четдан келтирилган наслли чорва молларини боқиш учун кичик фермаларни ташкил этишга берилади.

Маълум бўлишича, 2022 йил 1 мартдан кредитлар тўлиқ рақамлашган ҳолда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурларининг ягона электрон платформаси орқали тақсимланади.

Аввалроқ Президент Оролбўйи минтақасида тадбиркорликни ривожлантиришга оид фармонни имзолагани хабар қилинганди. Шунингдек, айрим маҳаллаларда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш учун 100 миллион доллар ажратилиши маълум қилинган.