Шавкат Мирзиёев бошчилигида 20 декабрь куни республикада балиқчилик соҳасини ривожлантириш истиқболлари ва кооперация асосида балиқ етиштириш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари юзасидан кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди. «Bugun.uz» ушбу йиғилишда кўрилган асосий масалалар юзасидан маълумот беради. 

Фото: Президент матбуот хизмати

Балиқ етиштиришнинг долзарблиги шундан иборатки, аввало, у — озуқа. Бугунги кунда ўсиб бораётган озиқ-овқат нархлари, инфляция хатари келгуси йил учун озиқ-овқат хавфсизлигини долзарб масалага айлантириши сабабли барча вилоят ҳокимларига ўз ҳудудидаги балиқ етиштириш ҳолатини таҳлил қилиб, тадбиркорлар ва аҳоли хонадонларига барча шароитларни яратиб бериш бўйича тизимли шуғулланиш вазифаси юкланди.

Йиғилишда айтилишича, ўтган беш йиллик ҳолат бўйича республикада балиқ етиштириш ҳажми 6 бараварга ошиб, 2021 йилда 400 минг тоннага чиқиши кутилмоқда. 2022 йилда эса бу режани 600 минг тоннага олиб чиқиш вазифаси қўйилди. Аммо Навоий, Наманган, Сирдарё, Фарғона ва Тошкент вилоятларида бу борадаги кўрсаткич ҳамон пастлигича қолаётгани танқид қилинди. Жумладан, бу ҳудудларда ҳосилдорлик гектарига 3–4 тоннани ташкил қилмоқда. Сабаби ушбу ҳудудларда интенсив балиқ етиштириш ҳажми умумий ишлаб чиқаришнинг 10 фоизидан ошмаяпти.

Йиғилишда 2022 йилда йирик балиқчилик лойиҳаларига 20 миллион евро йўналтирилиши маълум қилинди. Бундан ташқари, 2022 йилда балиқчилик хўжаликларига 530 миллиард сўм, шундан айланма маблағлар учун 200 миллиард сўм кредит ресурслари ажратилади. Ҳосилдорлиги паст бўлган 21 минг гектар сунъий ҳавзаларда ҳосилдорликни 3 баробарга ошириб, қўшимча 190 минг тонна балиқ етиштириш зарурлиги қайд этилди. 2,2 мингта хўжаликда 50 мингта аэратор (кислород билан бойитиш ускунаси) ўрнатиш вазифаси қўйилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Келгусида балиқ етиштириш ҳажмини 600 минг тоннага етказиш мақсадида:

  • Шароф Рашидов тумани тажрибаси асосида 2022 йилда 10 мингта хонадонда интенсив балиқ етиштириш йўлга қўйилади;
  • хонадонларда кооперация асосида йилига 80 тоннадан ортиқ балиқ етиштирган кластерлар уч йил муддатга барча солиқлардан озод этилади;
  • уйида балиқ етиштирувчилар учун «Ҳар бир оила – тадбиркор» дастури доирасида кредит миқдори 2 баробарга оширилади ва келгуси йилда 400 миллиард сўм йўналтирилади;
  • балиқ етиштирувчи хонадон эгалари учун ер ва мулк солиқлари 50 фоизга камайтирилиб, улар ўзини ўзи банд қилган аҳоли тоифасига ўтказилади;
  • хориждан мутахассис олиб келган балиқчилик кластерларига харажатларнинг бир қисми қоплаб берилади.

Йиғилишда, шунингдек, балиқ етиштиришни ошириш орқали уч муҳим муаммога ечим топиш мумкинлиги ҳам қайд этилди.

Аввало, ишсиз аҳолини иш билан банд қилиш ва бу орқали темир дафтар, ёшлар дафтари кабилардаги аҳоли қатламини иш билан таъминлаш. Бу эса ўз-ўзидан камбағалликка қарши кураш сиёсатининг муҳим йўналишларини белгилаб беради. Иккинчи йўналиш — давлатнинг озиқ-овқат хавфсизлигига эришиш. Яъни турли хил озиқ-овқатлар етарлича бўлиши керак. Учинчи йўналиш — аҳоли рационидаги балиқ маҳсулотларининг ҳажмини ошириш. Чунки балиқнинг фойдали хусусияти бисёр.

Фото: ЎзА

Ҳозирда Ўзбекистонда 54 минг гектар сув ҳавзаси борлигини инобатга олсак, илм билан ёндашилган тақдирда, балиқ етиштириш ҳажмини бир неча баробарга ошириш мумкинлиги ҳам айтиб ўтилди. Яъни ҳозирда олинаётган бир гектардаги 2–3 тоннани илм билан ёндашилганда 10–12 тоннагача чиқариш мумкин бўлади. Шу сабабли ҳам давлат раҳбари соҳа олимларини ҳам жалб қилиш борасида алоҳида кўрсатмалар берди. Шунингдек, Хитой, Вьетнам ва бошқа хориж давлатлари тажрибаларидан фойдаланиш бўйича ҳам тавсиялар берилди.

Шу тариқа ҳар бир вилоят ўз ҳудудидаги балиқ маҳсулотларига талабни ўзи қондириш даражасига етиб келиш мақсад қилинди.