Қашқадарё вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Мурод Азимов ажрашишларга йўл қўймаган маҳалла раисларига йил охирида 5 миллион сўмдан 10 миллион сўмгача мукофот пули берилишини маълум қилди.

Фото: Қашқадарё вилояти ҳокимлиги

Ҳоким 20 декабрь куни ўтказилган вилоят сессиясида бу таклифни илгари сурган ва масъуллар ҳам унинг фикрини қўллаб-қувватлашини айтган.

«Бирорта маҳаллада ажрим бўлмаса, раисларга 10 миллион сўмгача пул мукофоти берамиз ва республикадаги энг яхши санаторийларга бориб, дам олиб келиши учун йўлланма ажратамиз» — дейди у.

Маълумот учун, 2018 йил февраль ойидан бери Давлат божхона қўмитаси раиси лавозимида ишлаб келган Мурод Азимов Қашқадарё вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланган эди.

Аввалроқ Фарғонада амалдорларга ҳар бир озган килосига 500 минг сўмдан пул тўланиши маълум қилинганди. Шунингдек, Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов пиёда юришни ташкил қилган раҳбарларни Дубайга юборишини айтганди.