Қашқадарё вилояти Косон туманида фуқарони ўлдириб, унинг жасадини қудуққа ташлаб кетган эркак 19 йилга қамалди. Бу ҳақда «Zamon» информацион дастурида маълум қилинди.

Кадр: Telegram / @zamon_lavhalar

Хабар қилинишича, воқеа 22 март куни тумандаги маҳаллаларнинг бирида содир бўлган. Аниқланишича, айбланувчи марҳумни синглисига гап отганликда гумон қилиб, у билан Telegram орқали гуёки қиз бола бўлиб танишган. Орадан бироз вақт ўтиб, уни учрашувга чақирган.

Улар кўришганда қизнинг акаси Д.С. жабрланувчининг бўйнига пичоқ урган ва қариндошининг уйидаги қудуққа ташлаб кетган. Шу билан бирга, марҳумнинг машинасида бўлган 20 миллион сўм ҳам ўзлаштирилган.

Мазкур ҳолат юзасидан бўлиб ўтган судда Жиноят кодексининг 59-моддасига (Бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш) асосан қисман қўшиш йўли билан Д.С.га 19 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Аввалроқ Тошкент вилоятида 5 кишини пичоқлаб ўлдирган йигитга умрбод қамоқ жазоси берилгани хабар қилинганди. Шунингдек, ушбу қотиллик содир бўлгани хабар қилиниб, иш тафсилотлари очиқланганди.