Қашқадарё вилояти Ғузор туманида 21 декабрь куни ноқулай об-ҳаво туфайли 6 та машина иштирокида ЙТҲ содир бўлди. Бу ҳақда Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Кадр: Telegram

Маълум қилинишича, ҳодиса соат 13:25 да 4Р-88 Шўртан–Манғит автомобиль йўлининг 16-километрида содир бўлган. Бирданига юзага келган қум бўрони ортидан йўлнинг кўрувчанлик даражаси пасайган. Бир йўналишда ҳаракатланиб келаётган 3 та юк транспорт воситаси ҳайдовчилари шу сабабли йўлни кўрмай қолиб, мазкур ЙТҲни содир этган. Бу вақтда қарама-қарши йўналишда ҳаракатланиб келаётган «Tico» ва 2 та «Nexia» автотранспорти ҳам юк автомобилларига тўқнашган. Автоҳалокат оқибатида ҳеч ким тан жароҳати олмаган, транспорт воситаларига эса зарар етган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан туман ИИБ ЙҲХБ томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Тошкентда 8 та автомобиль иштирокида ЙТҲ содир бўлганди. Шунингдек, Тошкент вилоятида 5 та машина иштирокида тўқнашув содир бўлгани хабар қилинган.