Россияда мигрантларга янги кўринишдаги патент берилади

Россиядаги мигрантлар 29 декабрдан бошлаб эгаси юзининг электрон тасвири ва бармоқ изини ўз ичига олган чипли карта кўринишида патент олишни бошлайди. Бу ҳақда Россия Ички ишлар вазирлиги раҳбари Владимир Колоколцев имзолаган фармонга таяниб, «ТАСС» хабар берди.

Фото: «ASIA Plus»

Фармонга кўра, карточканинг ўлчами 8,5 га 5,3 сантиметр бўлиб, олд томонига эгасининг фотосурати, фамилияси, исми, отасининг исми ҳамда патент серияси ва рақами қўйилади.

«Россияга визани талаб қилмайдиган тартибда келган чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахсга электрон маълумот ташувчиси бўлган карта кўринишида бериладиган патент шакли тасдиқлансин. Мазкур буйруқ 2021 йил 29 декабрдан кучга киради», дейилади ҳужжатда.

Бундан ташқари, маълумотларга кўра, патентнинг олд томонида эгасининг туғилган санаси, фуқаролик, шахсни тасдиқловчи ҳужжат серияси ва рақами, касби ҳам кўрсатилади. Орқа томонида эса қайси ҳудудда ишлаши, патент ким томонидан ва қачон берилгани қайд этилади. Шунингдек, патентнинг тескари томонида контактсиз интерфейсга эга микросхема кўринишидаги электрон маълумотлар ташувчиси ҳам жойлаштирилади.

Аввалроқ Ўзбекистондан Россияга 10 минг меҳнат мигранти ишга юборилиши хабар қилинган. Шунингдек, Россияда ўзбекистонлик мигрантлар учун янги таклиф киритилганди.

Кўп ўқилган

Бошқа лойиҳаларимиз