Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 21 декабрь кунги навбатдаги мажлисида депутатлар «Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини кўриб чиқди. Хусусан, 21 ёшга тўлмаган шахсларга сигарета сотиш тақиқланиши кутилмоқда, деб хабар бермоқда «Bugun.uz» мухбири.

Фото:«Bugun.uz»

Парламент муҳокамасида таъкидланишича, Ўзбекистонда алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш соҳасида қатор қонун ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган. Лекин уларнинг амалиётда ижро этилиш ҳолати қониқарли даражада эмас. Амалдаги қонун ҳужжатларида тамаки маҳсулотини реализация қилиш юридик шахслар томонидан амалга оширилиши белгиланган бўлиб, кундалик ҳаётда бундай маҳсулотнинг чакана савдоси билан аксарият ҳолатларда якка тартибдаги тадбиркорлар ноқонуний шуғулланишига сабаб бўлмоқда.

Депутатлар томонидан муҳокама қилинган қонун лойиҳаси алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш механизмини такомиллаштириш мақсадида ишлаб чиқилган бўлиб, у билан алкоголь ва тамаки маҳсулотлари, тамаки ҳамда никотин истеъмол қилиш учун мосламаларни реализация қилишга доир чеклов кенгайтирилмоқда.

Хусусан, бундай маҳсулот ва мосламаларни 21 ёшга тўлмаган шахсларга ва 21 ёшга тўлмаган шахслар томонидан савдо автоматлари орқали, электрон тижорат шаклида, сайёр ва тарқатма (қўлда, лотокларда, саватчаларда, қўл аравачаларида) савдо йўли билан, масофавий сотиш усулида, турғун савдо объектларидан ташқарида, дорихоналарда, болалар учун товарларни реализация қилишга мўлжалланган хоналарда, болалар ўйинчоқлари, конфет ёки болалар учун мўлжалланган бошқа товарларига ўхшатиб ишланган бўлса, истеъмол ўровида йигирма донадан кам сигарета бўлса, реализация қилишни тақиқлаш назарда тутилмоқда.

Бундан ташқари, темир йўл ва ҳаво транспортининг махсус жойларида, масалан савдо нуқтасида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган кўпикли вино маҳсулотларини реклама қилишга рухсат берилиши мумкин. Тунги клуб, умумий овқатланиш ва дискотека, тўй-маросимлар ўтказиб билан шуғулланувчи объектлар алкоголли ичимликларнинг чакана савдоси билан шуғулланиш учун лицензия олиш талаби қонунда белгиланмоқда.

Қизғин давом этган муҳокамалардан сўнг депутатлар томонидан билдирилган таклиф ва тавсиялар ушбу ҳужжатда ўз аксини топгани инобатга олинган ҳолда қонун лойиҳаси қабул қилинди. Бунда 113 нафар депутат лойиҳани ёқлаб, 1 нафари қарши овоз берган.

Аввалроқ Ўзбекистонда тамаки ва алкоголь маҳсулотларини истеъмол қилиш учун аниқ жойлар рўйхати белгиланиши ҳақида маълумот берилганди. Шунингдек, «Миллий тикланиш» демократик партияси етакчиси Алишер Қодиров электрон сигареталар қатъий тақиқланиши кераклигини айтганди.