Исроил ислом инқилоби қўриқчилари корпуси «Ал-Қудс» қўмондони сифатида фаолият юритган генерал Қосим Сулаймонийнинг ўлдирилишида иштирок этгани маълум қилинди. Бу ҳақда «The Jerusalem Post» хабар берди.

Фото: «Getty Images»

Маълум қилинишича, Исроил ҳарбий разведкасининг собиқ раҳбари, генерал-майор Тамир Ҳайман Исроилнинг Қосим Сулаймоний ўлдирилишига алоқадорлигини тасдиқлаган.

Қайд этилишича, собиқ разведка раҳбари бу ҳақда Исроил разведкасининг хотира ва мерос маркази томонидан нашр этиладиган «Малам» журналига берган интервьюсида очиқлаган. Бу биринчи марта исроилликнинг Сулаймонийга қарши операцияда иштирок этганини тасдиқлаш билан боғлиқ ҳолатдир.

«Сулаймонийнинг ўлдирилиши жуда муҳим эди, чунки Эрон бизнинг асосий душманимиз. Бир вақтнинг ўзида ер оператори, стратег ва курашчи бўлган юқори мартабали одамни камдан-кам учратиш мумкин. Буларнинг барчаси эронликларнинг Сурияда мустаҳкам ўрнашиб олишига йўл қўймаслик учун қилинган», — дейди Тамир Ҳайман.

Маълумот ўрнида, АҚШ ҳукумати Абу Маҳди ал-Муҳандис ва генерал Қосим Сулаймоний ўлдирилгани учун жавоб бериши айтилганди. Сулаймоний ва ал-Муҳандис 2020 йил 3 январда АҚШ ҳарбий-ҳаво кучларининг ракета ҳужуми оқибатида ҳалок бўлган. АҚШнинг жавоб бериши ҳақидаги гапни Эрон ташқи ишлар вазири Амир Абдуллоҳиён Бағдоддаги ал-Муҳандис ва Сулаймоний дафн этилган жойга ташрифи вақтида айтиб ўтган. Абу Маҳди ал-Муҳандис ўлимидан олдин шиа милицияси бошлиғининг ўринбосари бўлиб ишлаган. Генерал Қосим Сулаймоний эса Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси «Ал-Қудс» қўмондони сифатида фаолият юритган.

«АҚШ бунинг учун жавоб бериши керак. Воқеа Американинг охирги маъмурияти даврида содир бўлганига қарамай, АҚШ ҳукумати оқибатларидан қочиб қутула олмайди ва жавоб бериши керак», — деган вазир ўз нутқида. Вазирнинг сўзларини Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати эълон қилган.

«Эрон Ташқи ишлар вазирлигининг асосий вазифаларидан бири АҚШ ҳукумати номидан бу қаҳрамонларга қарши террор қилганларни қонуний таъқиб қилишдир. Теракт буюртмачилари ва ташкилотчилари қилган ҳаракатлари учун жавобгарликка тортилиши керак», — деб қўшимча қилган сиёсатчи.

Аввалроқ АҚШ Эроннинг янги президентига мурожаат қилганди. Шунингдек, Эрон раҳбари АҚШ катта хато қилганини айтган.