Telegram мессенжерида спойлерларни яшириш бўйича функция ишга туширилади. Бу ҳақда «Android Police» портали хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Маълум қилинишича, агар фойдаланувчи юборишдан олдин матнни танлаб, унга «Spoiler» форматини қўлласа, «Юбориш» тугмасини босгандан сўнг хабар хиралаштирилади. Асл матн фақат қабул қилувчи томонидан олингандагина кўрсатилади.

Таъкидланишича, спойлерларни яшириш функцияси ҳақида ҳозирда қўшимча маълумотлар йўқ.

Маълумот ўрнида, спойлер — муаллифлар томонидан ишланган маҳсулот ҳақида эрта ошкор қилинган муҳим маълумотлар.

Бундан аввал Telegram мессенжери «Apple» қурилмалари эгалари учун расмлардаги матнни ўқиш функциясини синовдан ўтказганди.

Telegram — бу кўплаб форматларда хабарлар ва медиа файлларни алмашиш имконини берувчи мессенжер. Лойиҳа 2013 йилда ВКонтакте ижтимоий тармоғи асосчиси Павел Дуров томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, Android, iOS ва macOS, Windows Phone ва Windows ҳамда Linux учун мавжуд.

Аввалроқ Telegram’да янги функциялар ишга тушгани ва улардан қандай фойдаланиш мумкинлиги маълум қилинганди. Шунингдек, Telegram асосчиси Apple va Google’ни танқид қилгани ҳақида хабар берилган.