Тожикистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги аҳолининг заиф қатламларини коронавирусга қарши қайта эмлаш имкониятини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда «ASIA-Plus» хабар берди.

Фото: «РИА Новости»

Тожикистон  Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Эпидемиологик хавфсизлик, фавқулодда вазиятлар ва тез ёрдам бошқармаси бошлиғи Наврўз Жафаровнинг маълум қилишича, мамлакатда қайта эмлаш жараёнини йўлга қўйиш учун камида яна 6 миллион киши мавжуд вакциналарнинг 2 дозаси билан эмланган бўлиши керак.

Унинг сўзларига кўра, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ишчи гуруҳи аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари учун учинчи эмлаш кампаниясини ўтказишни режалаштирмоқда ва бу масала кўриб чиқилмоқда.

«Аммо, аввало, камида яна 6 миллион одамни иккала вакцина билан эмлаш керак, кейин эса қайта эмлаш масаласи ҳал қилинади. Ҳозирда эмлаш ишлари олиб борилмоқда ва биз бу миқдорга эришамиз деган умиддамиз, кейин эса қўшимча вакциналарни қандай ва қачон амалга оширишни ҳал қиламиз», — дейди Жафаров.

Ҳозирда Тожикистон аҳолисининг 18 ёшдан ошган 58 фоиздан ортиғи ковид вакцинасининг биринчи дозасини, 47 фоиздан ортиғи эса иккинчи дозани олган.

Аввалроқ Тожикистонда коронавирусга қарши эмланиш мажбурий этиб белгиланганди. Шунингдек, мамлакатда сўнгги 5 ой ичида илк марта коронавируснинг янги ҳолати аниқлангани маълум қилинган ҳамда аҳолини коронавирусга қарши эмлаш бошлангани ҳақида хабар берилганди.