Тошкент шаҳри Чилонзор туманидаги «Шовотландия» кафесида 27 февраль куни ёнғин содир бўлгани ҳақида хабар берилганди. «Янги давр» дастурида кафега ўт қўйган фуқароларнинг суд иши тафсилотлари маълум қилинди.

Фото: Ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати

Қайд этилишича, Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Олмазор туман судида 21 декабрь куни айбдорларга ҳукм ўқилган. Икки нафр шахс умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

Маълум бўлишича, 36 ёшли эркак қамоқ жазосини ўтаётган пайтда 26 ёшли шахс билан танишиб, озодликка чиққач, у билан шерикчиликда ишлай бошлаган. Бир фуқаро 36 ёшли судланувчига телефон қилиб, Р.Д. исмли шахснинг қариндошидан 4 минг долларни олиб беришни сўрайди.

Шундан сўнг судланувчи ушбу хизмати эвазига 1,5 минг доллар турадиган охирги русумдаги iPhone смартфонини беришни талаб қилган. Аммо қарздор ҳали пулларини қайтармагани сабабли буюртмачи судланувчининг талабини рад этган. Шу сабабли 36 ёшли фуқаро «Шовотландия» кафесини ёқиб юборишга қарор қилган.

Жиноят кодекси 97-моддаси 2-қисми қатор бандлари билан судланувчиларга умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Эслатиб ўтамиз, 28 февраль куни Тошкент шаҳар прокуратураси ёнғинда ҳалок бўлганларнинг шахсига аниқлик киритилганини маълум қилганди. Суд-тиббий экспертизасининг 27 февралдаги дастлабки хулосасига кўра, Жавоҳир Жуманазаров, Худайшукур Худайберганов, Бибижон Абдураҳимова, Мадина Болбекова ва Шоҳсанам Абдуллаеваларнинг ўлими мурдалар чуқур-ўткир алангадан куйиши оқибатида келиб чиққани аниқланган. Ёнғин оқибатида ҳалок бўлганларнинг 2 нафари эркак, 3 нафари эса аёл экани маълум бўлган.