Терговдан сўнг Москвага кетган Қирғизистон собиқ президенти кейинги режалари ҳақида гапирди

Қирғизистондан 20 декабрь куни Москвага қайтган, ундан олдин эса «Қумтор» олтин кони ишида гувоҳ сифатида кўрсатма берган Қирғизистоннинг собиқ президенти Асқар Акаев унга нисбатан қўзғатилган барча жиноий ишлар тўхтатилганини айтди. Бу ҳақда давлат раҳбари «ТАСС»га маълум қилди.

Фото: «ТАСС»

Қирғизистон собиқ президентининг айтишича, жиноий ишлар тугатилганига ва республикага қайтиш имкониятига қарамай, у Москвада яшашда давом эттиришни режалаштирмоқда.

«Гап 16 йил ҳақида кетяпти, бир пайтлар мени айблашган эди. Мен бордим ва мендан барча даъволар олиб ташланди, барча жиноий ишлар тўхтатилди. Энди ўз она юртимга бемалол кириб-чиқишим мумкин», — дейди Акаев.

Собиқ давлат раҳбарининг сўзларига кўра, ҳозирда у Москва давлат университетининг механика-математика факультетида Россиянинг таниқли математиклари қаторида фаолият юритмоқда. «Бу ижодкорликни қўллаб-қувватлайди. Ҳозирча куч ва ижод бор экан, шу ерда ишлаш ниятим бор», — дея қўшимча қилган у.

Акаев 1990 йилда Қирғизистон раҳбари бўлган. 2005 йил март ойида содир бўлган давлат тўнтариши натижасида лавозимидан четлаштирилган ва хавфсизлик нуқтаи назаридан оиласи билан республикани тарк этишга мажбур бўлган. Шундан сўнг дарҳол унга қарши ватанида бир неча жиноий иш қўзғатилган, жумладан, молиявий фирибгарликда айбланган. Кейинчалик, гумонланувчини сўроқ қилишнинг имкони бўлмагани учун ушбу ҳолатлар бўйича тергов тўхтатилган. Шунга қарамай, у давлатлараро қидирувга берилган. Биринчи президентнинг ўзи бу ишларни республиканинг янги ҳокимияти томонидан сиёсий таъқиб деб атаган.

Акаев «Қумтор» олтин кони билан боғлиқ коррупцияга алоқадорликда ҳам гумон қилинган. 2021 йил август ойида, 16 йилдан сўнг ватанига қайтган ва бу иш бўйича гувоҳлик берган. Қирғизистон давлатининг собиқ раҳбари ҳозирда Россия пойтахтида истиқомат қилиб, ўқитувчилик ва илмий фаолият билан шуғулланади. У Россия Фанлар академиясининг хорижий аъзоси, Халқаро муҳандислик академиясининг эса фахрий аъзоси ҳисобланади.

Аввалроқ Қирғизистоннинг икки собиқ президенти халқаро қидирувга берилганди. Шунингдек, Қирғизистон парламенти депутати сохта дипломга эгалиги аниқланган ҳамда мамлакатда Туркия фуқароларига ноқонуний паспорт бериш бўйича жиноят иши очилганди.

Кўп ўқилган

Бошқа лойиҳаларимиз