Украина президенти мамлакатнинг реклама тўғрисидаги қонунини бузгани айтилди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар берди.

Фото: «Vesti.ua»

Маълум қилинишича, Украинанинг «Страна.uа» ахборот портали журналистлари Украина президенти девони ва давлат раҳбари Владимир Зеленскийни реклама ҳақидаги қонунни бузганликда айблаган.

Қайд этилишича, Украина президенти девонининг Facebook’даги аккаунтида Киев марказидаги байрам шаҳарчаси очилишида олинган фоторепортаж эълон қилинган. Тадбирда Зеленский ва унинг рафиқаси ҳам иштирок этган. Маросимда иштирок этаётган болаларнинг букмекерлик компанияси рекламаси акс эттирилган шарф таққан сурати журналистларнинг эътиборини тортган.

ОАВнинг аниқлик киритишича, Украинанинг реклама тўғрисидаги қонуни «кўнгилочар, театр, концерт, спорт ва бошқа тадбирлар ўтказиладиган жойларда 21 ёшгача бўлган шахслар учун» қимор ўйинларини реклама қилишни тақиқлайди.

Таъкидланишича, Зеленский у иштирокида Украина қонунчилиги бузилгани учун, идораси ходимлари эса ҳукуматнинг расмий аккаунтига сурат жойлаштириб, реклама тарғиб қилгани учун айбланган.

Аввалроқ Украина президенти Владимир Зеленскийнинг кортежи 26 ноябрь куни Киевдаги матбуот анжуманидан қайтишда журналистни уриб юборгани айтилганди. Шунингдек, Зеленский партиясининг ёпиқ базми танқидларга сабаб бўлганди.