Шавкат Мирзиёев 16-18 декабрь кунлари расмий ташриф билан Корея Республикасида бўлгани хабар қилинганди. «Махсус ракурс»нинг навбатдаги сонида ушбу ташриф тафсилотлари ёритилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Давлат раҳбари 17 декабрь куни бир қатор учрашувлар, жумладан, Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси Спикери Пак Бён Сок билан учрашув ўтказди. Унда икки томонлама ҳамкорликни янада фаоллаштириш юзасидан батафсил фикр алмашилган.

«Махсус ракурс»нинг маълумот беришича, Шавкат Мирзиёев учрашув чоғида қатнашчиларга тиббий ниқобларни ечиб, суратга тушишни таклиф қилган. «Йўқса, бизни танимай қолишади», — дея ҳазиллашган Президент.

Ушбу тадбирда олий даражада эришилган келишувлар ижроси устидан самарали парламент назоратини таъминлаш муҳим экани қайд этилган. Икки мамлакат парламентлари вакиллари бу борада бор куч ва имкониятларини ишга солишларини таъкидлаган.

Шунингдек, кўрсатув давомида яна бир ҳолатга эътибор қаратилган. 16 декабрь куни Сеул аэропортига Ўзбекистоннинг биринчи рақамли борти келиб қўнган. Президент ва унинг рафиқасини мамлакат бош вазири ўринбосари Хонг Нам Ки кутиб олган. Қисқа муддатли суҳбатдан кейин давлат раҳбари машинага ўтирган. Шавкат Мирзиёев Зироат Мирзиёева машинага ўтиришини кутиб, шундан сўнг автомобилга чиққан.

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев 16 декабрь куни Сеул шаҳрига етиб борганди. Олий мартабали меҳмон шарафига фахрий қоровул саф тортди, артиллериядан тўплар отилган.

Шавкат Мирзиёев 17 декабрь куни Сеулдаги миллий қабристонга ташриф буюриб, марҳумлар хотирасига эҳтиром кўрсатган. Сеул шаҳридаги «Чонг Ва Де» қароргоҳида Ўзбекистон Республикаси Президентини расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтган.

18 декабрь куни Шавкат Мирзиёев Сеул шаҳрида Корея Республикасининг етакчи компаниялари ва молиявий тузилмалари раҳбарлари билан учрашув ўтказган. Президент 19 декабрь куни тунда Кореяга давлат ташрифини якунлаб, Тошкентга қайтиб келган.