Хоразм вилояти ҳокими Фарҳод Эрманов 2022 йилда 91,9 минг нафар аҳоли бандлигини таъминлаш чорасини кўришини таъкидлади. Бу ҳақда 21 декабрь куни вилоят ҳокимининг мурожаатномасида қатнашган «Bugun.uz» мухбири хабар қилди.

Фото: «Bugun.uz»

Маълум бўлишича, вилоят меҳнат бозорига ҳар йили 30 минг нафар ёшлар кириб келмоқда. Айниқса, бу масала Қўшкўпир, Янгиариқ, Янгибозор туманларида ўта долзарб ҳисобланади. Ҳокимнинг айтишича, Хоразмда ишсизлик ва камбағалликни қисқартириш, аҳоли даромадларини ошириш мақсадида 2022 йилда 91,9 минг нафар аҳолининг бандлигини таъминлаш чоралари кўрилади.

«Авваламбор, маҳаллаларда тадбиркорликни кенг жорий этиш орқали 18 мингга яқин янги иш ўрни яратилади. Оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида тадбиркорларга ажратиладиган 695 миллиард сўм имтиёзли банк кредити ҳоким ёрдамчилари билан бирга ишлаб чиқилган лойиҳалар учун берилади. Шунингдек, шароити оғир 32 та маҳаллада 36 та кооперация ташкил этилиб, уларга жами 64 миллиард сўм миқдорда кредит ажратилади», — деди Фарҳод Эрманов.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Навоий вилояти ҳокими 60 мингдан ортиқ фуқарони иш билан таъминлаш режасини айтганди.