Хоразмда йўл қурилиши ва таъмири учун салкам 257 млрд сўм ажратилади
Хоразм вилоятида 2022 йилда 723 километрдан зиёд автомобиль йўли ва ички кўчаларни, 38 та кўприкни қуриш-таъмирлаш учун 256,8 миллиард сўм йўналтирилади. Бу ҳақда вилоят ҳокими Фарҳод Эрманов аҳолига йўллаган мурожаатномасида айтди, дея хабар берди «Bugun.uz» мухбири.

Ҳокимнинг сўзларига кўра, келгуси йилда аҳоли пунктлари ўртасидаги, айниқса, қишлоқларни туман маркази билан боғлайдиган узлуксиз автобус қатновини йўлга қўйиш масаласига алоҳида эътибор қаратилади. Хусусан, Урганч туманида 5 та, Шовотда 3 та ва Янгиариқда 3 та кўприк таъмирланади.
«2022 йилда вилоятимиздаги тадбиркорлар томонидан шаҳар ва қишлоқларнинг жамоат транспортини ривожлантириш мақсадида 48 дона янги автобус ҳамда 26 дона микроавтобус сотиб олинишини таъминлаймиз.
Қўшкўпир туманида 1 та автостанцияни янгидан қуриш, Гурлан ва Хазорасп туманларида 1 тадан автостанция ҳамда Урганч шаҳридаги автовокзални реконструкция қилиш ишларини якунига етказиш чорасини кўрамиз», — деди Фарҳод Эрманов.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хоразм ҳокими 90 мингдан ортиқ ишсиз фуқарони қандай иш билан таъминлашини маълум қилганди.


