Хоразм вилоятига 2021 йилда қанча сайёҳ ташриф буюргани маълум қилинди. Бу ҳақда вилоят ҳокими Фарҳод Эрмановнинг йил якунлари ҳамда 2022 йилги режалари тўғрисида вилоят аҳолисига йўллаган мурожаатида маълум қилинди, дея хабар бермоқда «Bugun.uz» мухбири.

Фото: «Bugun.uz»

Қайд этилишича, 2021 йилда вилоятга жами 558,5 минг нафар турист ташриф буюрган. Шундан 520,8 минг нафар маҳаллий сайёҳ ва 37,6 минг нафари хорижий сайёҳларни ташкил қилади.

«Урганч шаҳрида маҳаллий ва хорижий сайёҳларга сифатли хизмат кўрсатиш мақсадида Паҳлавон Маҳмуд кўчасида гастрономик кўча ташкил қилиниб, янги ресторан ҳамда кафеларда 200 та иш ўрни яратдик. Бундан ташқари, Янгиариқ туманида барпо этилган кулолчилик маркази сайёҳларни жалб қиладиган масканлардан бирига айланди.

Хива шаҳридаги 4,5 километр узунликдаги Аллея қурилиши жадал суръатларда олиб борилмоқда. Шу билан бир қаторда, вилоятда ички туризмни ривожлантириш борасида мавжуд имкониятлардан тўлиқ фойдаланилмаётганини таъкидлаб ўтиш лозим», — деди Фарҳод Эрманов.

Вилоят ҳокимининг сўзларига кўра, экотуризмни ривожлантириш бўйича Урганч тумани Юқори Дўрман қишлоғида 2,6 гектар майдонга 1,5 миллиард сўмлик, Гурлан тумани Вазир қишлоғида 5 гектар майдонга 800 миллион сўмлик, Хива туманида 40 гектар майдонда 4 миллиард сўмлик инвестиция жалб қилиниши белгиланган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонга 9 ойда қанча сайёҳ келгани маълум бўлганди. Хусусан, 2021 йилда айрим Ғарбий Европа, Америка ва МДҲ давлатларидан  кутилганидан кўпроқ туристлар келган.