Япония Афғонистон ва унга қўшни мамлакатларга минтақадаги гуманитар инқирозни енгиб ўтишда ёрдам бериш учун мамлакат қўшимча буджетидан 109 миллион доллар ажратади. Бу ҳақда Япония Ташқи ишлар вазирлигига таяниб, «Cambodian Times» хабар берди.

Фото: «Reuters»

Маълум қилинишича, 20 декабрда Япония ҳукумати Афғонистондаги гуманитар инқирозни бартараф этиш учун 2021 молия бюджетидан Афғонистон ва қўшни давлатларга жами 109 миллион долларга яқин маблағ ажратишга қарор қилган.

Таъкидланишича, Токио соғлиқни сақлаш, озиқ-овқат, овқатланиш, сув, санитария ва турмуш шароитларини яхшилаш каби соҳаларда инсонпарварлик эҳтиёжларини қондириш учун ёрдам кўрсатишни режалаштирган. Маблағлар БМТ агентликлари, Халқаро Қизил Хоч қўмитаси, Халқаро Қизил Хоч ва Қизил Ярим Ой жамиятлари федерацияси, Халқаро миграция ташкилоти, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти каби 16 та халқаро ташкилот орқали ажратилади.

Баёнотга кўра, Афғонистонга 100 миллион доллар, Эронга 4 миллион доллар, Покистонга 3,72 миллион доллар, Тожикистонга 990 минг доллар, Ўзбекистонга эса 430 минг доллар берилади.

Аввалроқ Япония Афғонистон ва унга қўшни бўлган мамлакатларга умумий ёрдам доирасида Ўзбекистонга 200 минг доллар миқдорида грант ажратганди. Шунингдек, Япония ҳукумати қочқинлар учун гуманитар ёрдам бериш эҳтиёжи ортиб бораётган Афғонистон ва қўшни давлатларга 65 миллион доллар миқдорида фавқулодда грант ёрдами кўрсатиш тўғрисида қарор қабул қилганди.