Америкалик шифокорлар ковиднинг барча штамига қарши вакцина ишлаб чиқди

АҚШнинг Уолтер Рид номидаги миллий ҳарбий тиббиёт маркази олимлари бир неча ҳафта ичида коронавируснинг барча штами, шу жумладан, «омикрон»га қарши самарали вакцина ишлаб чиқилганини эълон қилади. Бу ҳақда «Defense One» хабар берди.

Фото: «iStock»

Маълум қилинишича, «SpFN» (spike ferritin nanoparticle) деб номланган ферритин нанозарраларига асосланган препарат деярли икки йил давомида ишлаб чиқилган. Мутахассисларнинг айтишича, мавжуд вакциналардан фарқли ўлароқ, «SpFN»ни тайёрлашда 24 қиррали оқсилдан фойдаланилган, бу эса олимларга бир нечта коронавирус штаммларининг оқсилини бириктириш имконини берган.

«Армия лабораторияси 2020 йил бошида CОVID-19 вирусининг биринчи ДНКсини олган. Шундан сўнг нафақат мавжуд, балки кейинчалик ҳам пайдо бўлиши мумкин бўлган штаммларга қарши тура оладиган вакцина яратишга эътибор қаратилган», дейилади ҳисоботда.

Таъкидланишича, вакцина 2021 йил бошида ҳайвонларда синовдан ўтказилган бўлса, декабрь ойида унинг самарадорлигини одамларда синаб кўришнинг биринчи босқичи якунланган. Олимлар ижобий натижаларга эришган бўлиб, ҳозир якуний синов жараёнлари кетмоқда.

Таъкидланишича, вакцинанинг одамлардаги клиник синовлари кутилганидан кўпроқ вақтни олган, чунки аввалроқ коронавирусга чалинмаган ва эмланмаганларни топиш керак бўлган. Кейинги қадам янги вакцинани эмланган ёки касалликка чалинган одамларда қандай ишлашини кузатиш бўлади.

Aввалроқ Австралияда «AstraZeneca» вакцинасини ишлаб чиқариш маъқуллангани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Хитойда коронавирусга қарши тўртинчи вакцина маъқуллангани маълум қилинган.

Кўп ўқилган

Бошқа лойиҳаларимиз