АҚШ Россияни импорт ўрнини босувчи ҳамда маҳаллий товар ва хизматларга имтиёзлар бериш бўйича сиёсатини Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ) меъёрларидан четга чиқиш, дея баҳолади. Бу ҳақда Вашингтоннинг савдо музокаралари бўйича вакили Кэтрин Тай Конгресс учун тайёрланган йиллик ҳисоботида айтиб ўтган.

Фото: «RTM Lines»

«ЖСТ қоидалари ва мажбуриятларига риоя қилмаслик америкалик тадбиркорларни иқтисодий жиҳатдан қулай бўлмаган шароитга солиб қўяди ва уларни ҳалол рақобат имкониятларидан маҳрум қилади», — дейди Кэтрин Тай.

Ҳисоботда Кэтрин Тай Россияда ишлаб чиқарилган товар ва хизматларга берилган имтиёзлар, IT’да импорт ўрнини босувчи дастурлар, иқтисодиёт устидан давлат назоратини кенгайтириш ҳамда савдо чекловларини кучайтириш ҳаракатларини асосий шикоятлар сафида санаб ўтган. Шу муносабат билан АҚШ савдо миссияси Россияни савдо тизимидаги ушбу хатти-ҳаракатлари учун жавобгарликка тортиш ниятида эканлигини маълум қилди.

Маълумот ўрнида, ЖСТ ташкилотга аъзо давлатлар ўртасидаги халқаро савдони либераллаштириш, савдо ва иқтисодий муносабатларини тартибга солиш билан шуғулланади. Бугунги кунда 164 та давлат ташкилот аъзоси ҳисобланади.

Ўзбекистон ушбу ташкилотга аъзолик учун аризасини 27 йил илгари билдирган (ариза 1994 йил декабрь ойида топширилган), бироқ музокаралар ҳали-ҳануз ўз якунига етганича йўқ. Ўртада 15 йиллик узоқ узилишдан сўнг, 2020 йил июль ойида Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ) билан ишлаш бўйича Идоралараро комиссия музокаралар ўтказишни расман қайта бошлади.

«Биз шубҳасиз ЖСТга аъзо бўлишимиз керак. Бу бизга бошқа мамлакатлар бозорини очиб беради, инвестицион иқлимни кескин яхшилайди, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларимизни бошқа давлатлар билан ҳаққоний рақобатда ютқазмаслик учун ўз маҳсулотлари сифатини оширишга ундайди», — дейди комиссия раиси, инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умрзоқов.

ЖСТ аъзолигига даъвогар Ўзбекистонда 2021 йилнинг 2 декабрь куни ҳукумат қарори билан импорт товарларга чеклов қўлланиши белгиланди. Мустақил эксперт ва иқтисодчилар бу ҳолатга салбий муносабат билдирди.

«Деярли 30 йилдан бери ЖСТга кира олмадик, дунё бозоридан кескин узилган ва ‘маҳаллий бозорни муҳофазалаш’ билан шуғулланиб келмоқдамиз. Шунча пайтдан бери бу савдо фалсафаси ўзини на бизда, на бир бошқа жойда оқлаган», — дейди иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов. Унинг фикрича, савдога бўлган тўсиқлар ва савдо сиёсатидаги шундай миопик ҳаракатлар узоқ муддатда ҳам Ўзбекистон иқтисодиёти учун катта зарар ҳисобланади.

Аввалроқ Сардор Умрзоқов ОАВга берган интервьюсида ЖСТга аъзо бўлиш 5 йиллик муддатдан кўра анча тезроқ рўй бериши ҳақида гапирганди. Импорт товарларга тариф квоталарини қўллаш ва маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш мақсадидаги бу қарор эса ўз-ўзидан ташкилотга аъзолик жараёнига қандай таъсир қилиши ҳали номаълум. Бу бўйича Умурзоқов бошчилигидаги вазирлик расмий муносабатини билдирмаган.