БАА разведка хизмати 2018 йил октябрь ойида мамлакатнинг Туркиядаги элчихонасида ўлдирилган саудиялик журналист Жамол Қошиқчининг рафиқларидан бирининг қурилмасига «Pegasus» жосуслик дастурини ўрнатишга урингани маълум бўлди. Бу ҳақда «Citizen Lab» тадқиқот гуруҳининг киберхавфсизлик масалалари мутахассиси хулосасига таяниб, «The Washington Post» хабар берди.

Фото: «Sky News»

Газетанинг ёзишича, 2018 йилнинг 21 апрелида БАА хавфсизлик хизмати ходимлари миллий авиакомпания стюардессаси Ханан Элатрни Дубай аэропортида ушлаб, унинг икки телефони ва ноутбукини тортиб олган, саудиялик журналист ҳақида саволлар берган. Қайд этилишича, бу ҳолат Элатр Қошиқчи билан унаштирилганидан сўнг содир бўлган.

«Айнан ўша жараёнда кимдир унинг смартфонига ‘Pegasus’ жосуслик дастурини ўрнатмоқчи бўлган. Ушбу ҳаракат муваффақиятли бўлгани ёки ундай эмаслиги номаълум», — дейди «Cитизен Лаб» тадқиқот гуруҳи мутахассиси Билл Маршак.

Газетанинг таъкидлашича, янги тадқиқот БАА расмийлари Қошиқчига яқин бўлган шахснинг телефонига ҳарбий даражадаги жосуслик ускуналарини журналист ўлдирилишидан бир неча ой олдин ўрнатганининг дастлабки белгиларини кўрсатган. БАА Саудия Арабистонининг яқин иттифоқчиси, 2013 йилда мамлакатлар разведка соҳасида ҳамкорлик қилиш тўғрисида битим тузган. «Бирлашган Араб Амирликлари Саудия Арабистонининг хориждаги мухолифатчиларини кузатиб боради», дейилади газета хабарида.

Бундан ташқари, Ғарб ОАВлари хабарларига кўра, мамлакатдаги ҳукмрон оилалар вакиллари «Pegasus» жосуслик дастуридан ўз мақсадлари учун фойдаланган. Маълумот ўрнида, февраль ойида АҚШ Миллий разведка директорининг идораси Жамол Қошиқчининг ўлдирилиши тўғрисида ҳисобот эълон қилган. Америка томонининг сўзларига кўра, Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси операцияни маъқуллаган, чунки у журналистни таҳдид деб билган. АҚШ маъмурияти Қошиқчи қотиллигига алоқадор деб ҳисобланган қиролликнинг 76 фуқаросига виза санкциялари қўллашни эълон қилган.