Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.

Қишдаги бу иссиқдан нафақат одамлар нима кийишга, балки дарахтлар ҳам «кийинишга» адашиб кетяпти. Қашқадарёда бодом гуллади.

Қашқадарёнинг Яккабоғ туманида бодом дарахти гуллади (қишнинг ўртасида бундай иссиқ ҳаво бўлса, гуллайдиям-да).

Фото: «Яккабоғ 24»

«Ўзгидромет» мутахассиси Эркин Абдулаҳатовнинг сўзларига кўра, апрель ойининг ўрталарига хос илиқ, баҳорий ҳаво дарахтларни ҳам «чалғитиб юборган». Охирги 2–3 кунда республиканинг аксар қисмида шундай об-ҳаво ҳукмронлик қилган, жанубий вилоятларда ҳарорат максимумлари 20 даражага кўтарилган. Мутахассиснинг таъкидлашича, бу, ўз навбатида, келаси йилги ҳосил учун ёмон таъсир қилиши мумкин.

Хуллас, баҳорингиз, э йўғе, қишнинг 22-кечаси муборак бўлсин! Биз эса дайжестни «гуллатишда» давом этамиз.

«Ўзбекистон темир йўллари» чипталарга чегирма эълон қилди. У барча тарифларга тегишли.

«Ўзбекистон темир йўллари» Президентнинг тегишли фармонига мувофиқ, мамлакатда ички йўналишлардаги йўловчи поездлари учун чегирмалар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Ҳужжатга биноан, чегирмалар Янги йил байрами арафасида 31 декабрь–2022 йил 4 январгача амал қилади. Аммо бу «Uzbekistan Airways»никидан фарқли ўлароқ, барча тарифдаги чипталарга амал қилади. Асосий чегирма талабаларга берилган — 50 фоиз. Фақат бунда чипталарни темирйўл кассаларида харид қилиш керак бўлади.

Тошкентдаги автобус бекатлари 2025 йилгача бир хил дизайнга эга бўлади ва уларга Wi-Fi ҳам ўрнатилади.

Вазирлар Маҳкамасининг «Тошкент шаҳар транспорти ва йўл-транспорт инфратузилмасини 2025 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори лойиҳаси муҳокамага қўйилди. Унга мувофиқ, пойтахтдаги барча оралиқ бекатлар қайта ташкил этилиб, бир хил дизайнга ва бир қанча қулайликларга эга бўлади (бўлиши керак).

Фото: «Bugun.uz»

Шунингдек, автобус бекатларига қурилмаларни қувватлаш манбалари, Wi-Fi, электрон табло ҳам ўрнатилиши кўзда тутилган. Шу ва бошқа қулайликларга эга бекатларни қайта қуриш учун 26 миллиард 680 миллион сўм сарфланади. Маблағлар шаҳар ҳокимлиги ҳисобидан ажратилади.

Бундан ташқари, худди шу қарорга мувофиқ, Тошкент шаҳрида ҳаракатланиш учун 2025 йилгача 1043 та автобус сотиб олинади, бундан 200 таси электробус бўлади. Янги транспорт воситаларини сотиб олиш учун 3 триллион 96 миллиард 805 миллион сўм маблағ талаб этилади.

Бугуннинг асосий воқеаси, албатта, яна ҳокимларнинг алмашинуви. Ким қаерга кетди, ким энди қаерда ишлайди (ё умуман ишламайди), қаерда ҳоким(лар) умуман ўзгарди — бугунги ҳокимлар алмашинуви ҳақида батафсил шу ерда ўқишингиз мумкин.

Коллаж: «Bugun.uz»

Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятида бўлди. Асосий хабарлар:

  • Президент Олмалиқ кон-металлургия комбинатига борди;
  • Шавкат Мирзиёев Олмалиқда ўқувчиларга иншо ёзиб, уни Президентга йўллашини сўради;
  • «Мен амални бераман, лекин арқонни узун ташлаб қўяман». Президент Тошкент вилоятидаги кадрлар муаммоси ҳақида гапирди.

Хўш, оламда нима гап?

Туркия меҳмонхоналари миллий валюта қадрсизланиши фонида Ўзбекистон, Қирғизистон ва Африкадан ишчи кучи олиб кетмоқчи.

Фото: «РИА Новости»

Туркия меҳмонхоналари Ўзбекистон, Қирғизистон ҳамда Африкадан ишчи кучи олиб кетмоқчилиги айтилди. Коронавирус пандемияси ва миллий валютанинг қадрсизланиши туфайли турк меҳмонхоналари дуч келган туризм соҳасидаги жиддий кадрлар етишмовчилиги хизмат кўрсатиш даражасига ва, умуман, меҳмонхона бизнесига жиддий салбий таъсир кўрсатган. Маҳаллий аҳоли «текинга» ишлашни истамагани учун йирик меҳмонхона брендлари, ҳеч бўлмаганда, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Африкадан ишчи кучини олиб кириш орқали кадрлар тақчиллигини қоплашга қарор қилган.

Унинг айтишича, меҳмонхоналарда 7 ой кетма-кет ишлаган ходимлар кейинги 5 ой ишсиз ва пулсиз қолади. Муносиб маошнинг йўқлиги ҳам ишчиларнинг туризм соҳасида ишлашдан умумий бош тортишига сабаб бўлмоқда. Мутахассисларнинг фикрига кўра, Туркияда пандемия даврида туризм ходимлари жуда кам маош ола бошлаган, шунинг учун ҳам четга чиқиб кетган.

Колумнистимиз Ҳабибулло Мўйдинов ушбу ҳолатни қандай тасаввур қилгани ҳақида карикатура.

Карикатура: Bugun.uz / Ҳабибулло Мўйдинов

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.