Европада газ нархи қисқа муддатда яна тарихий рекордни ўрнатди. Россиянинг «Газпром» компанияси акциялари эса молиявий натижалар ва дивидендлар бўйича прогнозларга кўра кўтарилди, деб хабар бермоқда «РБК».

Фото: «Bloomberg»

Газ нархи

Европада газ нархи тарихий рекордни янгилади ва биринчи марта 1000 куб метр газ 2000 доллардан ошди. 21 декабрдаги биржа савдо натижаларига кўра, январь ойидаги газ фьючерсларининг нархи 1000 куб метр учун 2136 долларга етди (МВт/соат учун 180,34 евро). Кун давомида нарх 2220 доллар (187,47 евро)га кўтарилди. Аввалги рекорд 6 октябрдаги савдоларда ўрнатилган эди (1900 доллар).

Котировкаларнинг ўсишига Европадаги совуқ ҳаво ва «Шимолий оқим 2»нинг ишга туширилиши билан боғлиқ ноаниқлик ҳам сабаб бўлиши мумкин. Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков буни «тижорий вазият» деб баҳолади. Германиянинг Gascade операторига кўра, 21 декабрь куни Германиядан Польшага қувур орқали газ етказиб бериш бошланди. Газга муҳтож турган Польша «зангори олов»ни нафақат Россиядан тўғридан-тўғри, балки Германиядан шартнома бўйича ҳам олади.

«БКС Экспресс» эксперти Василий Карпуниннинг фикрича, газ нархининг ошишига Европа ерости омборлари заҳираларининг камайиши асосий сабабдир. Қолган омиллар вазиятни янада кучайтиради.

Gas Infrastructure Europe (GIE) маълумотларига кўра, 20 декабрь ҳолатига кўра, омборлар атиги 58,96 фоизга тўлган, ўтган йилнинг мос давридаги бу кўрсаткич 78,47 фоизни ташкил этган.

«Бу келгуси ойларда нархлар юқорилигича қолишидан далолат беради. Агар об-ҳаво шароити аралашса (шамолсиз совуқ бўлса), унда котировкалар янада ўсиб кетиши мумкин», — деб ёзган Карпунин ўз шарҳида.

«Газпром» акциялари

21 декабрь кунги савдо натижаларига кўра, Россиянинг газ гиганти «Газпром»нинг котировкалари 4,29 фоизга ошиб, ҳар бир акция учун 339,88 рублни ташкил қилди. Чоршанба куни эрталабки савдо сессиясида компания нархи кўтарилишда давом этди — Москва вақти билан соат 08:00 ҳолатига кўра, акциялар 1,15 фоизга ўсиб, ҳар бир акция учун 343,78 рублни ташкил қилди.

Ўсишнинг асосий сабаби 2021 ва 2022 йилларга мўлжалланган молиявий кўрсаткичлар прогнози бўлиб, уларни «Газпром» бошқаруви раиси ўринбосари Фамил Садигов эълон қилди. Унинг айтишича, 2022 йилда компания 2021 йилдаги рекорд кўрсаткичлардан ошиб кетиши мумкин.

«Бизнинг прогнозларимизга кўра, 2021 йилда рекорд даражадаги даромадга эришамиз: 2018 йилда эришилган олдинги энг яхши натижа — 8,2 триллион рубль», — деди у. Садигов, шунингдек, 2021 йил охиригача «Газпром» ҳар бир акция учун 45 рублдан кўпроқ тўлаши мумкин, деб ҳисоблайди. Бу жорий нархларда 13 фоиздан ортиқ дивиденд даромадини беради.

Ўзбекистонда газ нархининг ўсиши

Ҳисоб палатасининг 2022 йил учун давлат бюджети юзасидан берган хулосаларига кўра, Ўзбекистонда электр энергияси ва табиий газни ички истеъмолчиларга сотиш нархи, иссиқ сув ва иссиқлик, совуқ сув ва канализация тарифлари ошиши кутилаётгани айтилган.

Унда келтирилишича, 2020–2021 йилларда истеъмол нархлари индексини ҳисоблаш базасида энергия ресурслари, жумладан электр энергияси ва табиий газни ички истеъмолчиларга сотиш нархи деярли ўзгармаган. Бюджетномага мувофиқ мазкур ресурслар нархлари 2022 йилда индексация қилиниши кўзда тутилмоқда. Ҳисоб палатасининг ҳисоб-китобларга кўра, ушбу товар ва хизматлар нархининг ошиши, уларнинг истеъмол нархлари индексини ҳисоблашдаги вазнидан келиб чиқиб, умумий индекс миқдорининг 1,52 фоиз даражага ошишига олиб келади.

Энергия ресурсларининг истеъмол нархлари индексини ҳисоблаш базасидаги вазни ва индексга таъсири асосидаги ҳисоб-китобларга таянилса, табиий газ нархи 31 фоизга ошиши мумкин.