Фарғона вилояти Қўқон шаҳридаги хонадонда 19 декабрь куни газ чақнаши кузатилди. Бу ҳақда «E-qaror» платформасида маълум қилинди.

Фото: Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ахборот хизмати

Маълум бўлишича, воқеа соат 04:50 да шаҳарнинг Вақф Чорсу маҳалласи Барҳаёт кўчасидаги уйда содир бўлган. Аниқланишича, уйда газ-ҳаво аралашмаси чақнаши оқибатида хонадонда истиқомат қилувчи 4 нафар фуқаро турли даражада куйиш тан жароҳати олган.

Таъкидланишича, улар Республика шошилинч тез ёрдам илмий маркази Фарғона филиали Қўқон шаҳар субфилиалига ётқизилган. Шунингдек, мазкур ҳолат билан боғлиқ фавқулодда вазият сабабини текшириш юзасидан комиссия таркиби тасдиқланди.

Аввалроқ Сурхондарё вилояти Денов шаҳридаги савдо мажмуасида портлаш содир бўлгани хабар қилинганди. Шунингдек, ҳодиса оқибатида 2 киши ҳалок бўлгани ҳамда бу бўйича жиноят иши қўзғатилгани маълум қилинган.