Афғонистон ўзбеклар жамияти етакчиси, маршал Абдулрашид Дўстумнинг мамлакатдан қочиб кетганидан кейинги илк сурати эълон қилинди. Бу ҳақда «Sputnik Афғонистон» хабар берди.

Фото: «Aamaj News»

Маълум қилинишича, 4 ой ичидаги биринчи сурат Афғонистон Қаршилик кўрсатиш олий кенгашида маршал билан бирга бўлган ҳазоралар жамияти етакчиси Муҳаммад Моҳақеқ томонидан эълон қилинган. У ушбу фотони ўзининг Twitter’даги саҳифасига жойлаштирган. Сурат Туркиянинг Анқара шаҳрида олингани тахмин қилинмоқда.

Қайд этилишича, маршал Дўстумнинг ўғли ҳам бўлган суратнинг остига ҳазоралар жамияти етакчиси Муҳаммад Моҳақеқ «дўстона учрашув» деб ёзиб қўйган.

Фото: «Aamaj News»

Афғонистонга қайтиш ва «Толибон» ҳаракатига қарши курашиш ҳақида берилган ваъда

Туркияда узоқ муддатли даволанишдан сўнг Афғонистонга 2021 йил 20 июнда қайтган Дўстум ўша пайтда кучайган «Толибон» ҳаракати ҳужумларини жиловлаш учун жиддий ва кенг қамровли чоралар кўриш мақсадида президент Ашраф Ғани билан учрашишни режалаштирганини маълум қилган.

Кейинроқ — 2021 йил 11 август куни «Толибон» ҳаракатига қарши кураш учун Балх вилоятига борган маршал Дўстум «Толибон» ҳаракатини бостириш зарурлигини таъкидлаган. У қисқа баёнотида «Толибон» ҳаракати шимолда бир неча бор қўлга олингани, аммо қочиб кетганини айтиб, бу сафар ҳаракат шимолдан қоча олмаслигини ва мулла Фазелнинг тақдирига дуч келишини қайд этган. «Толибон» ҳаракатининг музокаралар гуруҳи аъзоси бўлган мулла Фазел шимолда қўмондон сифатида фаолият юритган. Ҳаракат мағлубиятга учрагач, маршал Дўстумга таслим бўлган.

Маршалнинг таслим бўлгани борасидаги илк хабар: Термиз

«Толибон» ҳаракатининг ҳужумлари кучайиб, Мозори-Шариф ҳам қўлга олинганидан сўнг маршалнинг Афғонистондан қочиб кетгани ҳақида хабар берилган. Кейинроқ унинг кам сонли ишончли одамлари билан Термизга келиб жойлашгани, соғлиғи яхши экани ва фавқулодда қарор қабул қилмоқчи эмаслиги, шунингдек, вазиятни синчковлик билан кузатаётгани ҳақида хабар берилган. Аммо кейинчалик унинг Ўзбекистонда экани расман рад этилган.

Кейинги ҳарбий қадамлар

Шундан сўнг «Толибон» ҳаракати режимини маъқулламаган собиқ афғон расмийлари маршал Дўстум билан бирга мамлакатнинг Миллий қаршилик фронтини қўллаб-қувватлаш бўйича режа тузаётгани айтилган. Маълум бўлишича, бу гапни Афғонистоннинг Тожикистондаги элчиси Муҳаммад Зоҳир Агбар айтиб ўтган. Бу режага кўра, расмийлар яқин орада Панжшердаги қаршилик кучларини қўллаб-қувватлайдиган кенгаш чақириши кўзда тутилган бўлган. Аммо барча режалар ўзгариб кетган. «Толибон» ҳаракати Кобулни ҳам эгаллаганидан сўнг маршал мамлакатдан бутунлай чиқиб кетган.

Фото: «Getty Images»

«Толибон» ҳаракати аъзолари ва маршалнинг саройи

«The New York Times» нашри Кобулни қўлга киритгандан кейин мамлакат маршали ва собиқ вице-президенти Абдулрашид Дўстумнинг саройини эгаллаб олган «Толибон» ҳаракати аъзолари ҳаётидан лавҳалар кўрсатган. Унга кўра, ҳаракатнинг 150 га яқин аъзоси маршал Дўстумнинг уйига жойлашганини билиш мумкин. «Гарчи мен шаҳарда яшасам ҳам, бундай жойни биринчи марта кўришим», — деган ҳаракат аъзоларидан бири уйдаги ҳовуз ва саунани намойиш қилиб. Яна бир ҳаракат аъзоси эса журналистларга тутунли гранатасини кўрсатиб, уни душман ҳужумига қарши ишлатиш учун сақлаб келаётганини айтган. «Биз бутун умримиз давомида тоғларда ва чўлларда яшадик. Одамларимизнинг ейишга ҳеч нарсаси йўқ, улар қурол билан яшайди. Сиёсатчиларимиз, бой ва қудратлиларимиз эса одамларнинг қонини тўкиб, ўзи учун шундай уйлар қурган», — деган у ҳозирда ушбу уйга 150 га яқин одам кўчиб келганини қўшимча қилган ҳолда.

Маршал ҳақидаги янги маълумот

Орадан бир неча ой ўтгач маршал ҳақида янги маълумот эълон қилинган. Унга кўра, Афғонистонда Маршал Дўстум иштирокида Афғонистон Миллий қаршилик олий кенгаши тузилган. Унинг таркибига Абдураб Расулий Сайёф, Муҳаммадюнус Қонуний, Ато Муҳаммад Нур, Абдулрашид Дўстум, Муҳаммад Муҳаққи ва бошқа сиёсатчилар кирган. Кенгаш аъзолари Афғонистон муаммосини тинч йўл билан ҳал қилмоқчилиги, агар бошқа тараф ва унинг издошлари бундай қарорга рози бўлмаса, курашнинг иккинчи қисми (ҳарбий ҳаракатлар)га ўтилишини айтган. Кенгаш ташкил этилгани эълон қилингандан сўнг Дўстум агар «Толибон» ҳаракати сайлов йўли билан ҳукумат тузишдан бош тортса, кенгаш уларга қарши курашишини билдирган.