«Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ юридик истеъмолчилар томонидан қуёш панеллари орқали ишлаб чиқариладиган электр энергиясини сотиб олишни йўлга қўйди. Бу ҳақда ташкилот матбуот хизмати хабар берди.

Фото: «Ҳудудий электр тармоқлари» ахборот хизмати

Маълум қилинишича, 21 декабрь куни Менделеев номидаги Россия кимё-технология университетининг Тошкент шаҳридаги филиали маъмурияти ҳамда «Тошкент шаҳар электр тармоқлари корхонаси» АЖ ўртасида «Қайта тикланувчи энергия манбаларининг кичик объектларидан ишлаб чиқарилган электр энергиясини сотиб олиш тўғрисида» шартнома имзоланди. Унга кўра, ўқув даргоҳида ишлаб чиқарилган энергия электр таъминоти корхоналари томонидан кафолатланган тарзда электрон ҳисоблагичлар орқали сотиб олинади.

Фото: «Ҳудудий электр тармоқлари» ахборот хизмати

Таъкидланишича, мазкур амалиёт Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан тасдиқланган «Электр энергияси, шу жумладан, энергиянинг қайта тикланадиган манбаларидан электр энергияси ишлаб чиқарадиган тадбиркорлик субъектларини ягона электр энергетика тизимига улаш регламенти»га асосан амалга оширилмоқда.

Фото: «Ҳудудий электр тармоқлари» ахборот хизмати

Маълумот ўрнида, университетда 2021 йилнинг февраль ойида ишга туширилган қуёш станцияси 1200 квадрат метр майдонда жойлашган бўлиб, бу ерда мамлакатда ишлаб чиқарилган ҳар бирининг қуввати 350 Вт бўлган 288 дона қуёш панели ўрнатилган.

Фото: «Ҳудудий электр тармоқлари» ахборот хизмати

Станция ёрдамида бир йилда ўртача 220 000 кВт соат электр энергияси ишлаб чиқарилиши ҳисобга олинса, 25 йилда мазкур кўрсаткич 5 миллион кВт/соатни ташкил этади. Қайд этилишича, бунда куннинг кундузги вақтида қуёш панеллари ёрдамида ишлаб чиқарилган электр энергияси университет фойдаланаётган ички электр тармоғига параллель равишда қўшилади ва бунинг натижасида қуёш электр станцияси ишлаб чиққан электр энергияси миқдорича қувват ҳудудий электр тармоқларидан олиниши камаяди.