Ироқ ҳукумати 1990–1991 йиллардаги ҳарбий босқин учун Кувайтга товон пули тўлашни якунлади. Бу ҳақда Кувайт Марказий банкига таяниб, «ТАСС» хабар берди.

Фото: «Anadolu Agency»

Маълум қилинишича, Кувайтга 44 миллион доллар миқдоридаги сўнгги ўтказма репарация тўлови доирасида амалга оширилган. Шу тариқа Ироқ ҳукумат томонидан назарда тутилган жами 52,4 миллиард долларлик репарация тўлови тугатилган.

Ироқ Марказий банки репарация тўловининг тугалланиши Ироқ банк соҳасининг глобал банк тизими реинтеграциясига ҳисса қўшишига ва араб республикага кўпроқ молиявий имтиёз олишга ёрдам беришига умид билдирган.

Икки давлат ўртасидаги келишувга кўра, Ироқ ҳар йили нефть ва газ экспортидан тушган фойданинг 5 фоизини БМТнинг махсус жамғармасига ушлаб қолар, кейин бу маблағ Кувайтга товон пули сифатида ўтказилган. 2014 йилда Бағдод Кувайт ва БМТ розилиги билан Ироқда ИШИД террорчилик гуруҳининг фаоллашиши ва нефтнинг тушиши муносабати билан жаҳон ташкилоти жамғармасига бадал тўлашни тўхтатиб турган. 2017 йил декабрида Ироқда ИШИД устидан қозонилган ғалаба эълон қилинганидан сўнг республика расмийлари тўлов қайта бошланганини очиқлаган.

1990 йил бошида Ироқ Президенти Саддам Ҳусайн Эрон билан урушдан кейин (1980–1988 йилларда) мамлакатнинг молиявий аҳволи кескин ёмонлашгани, чегарадан ноқонуний нефть қазиб олингани сабабли қўшни Кувайтга қарши даъволарни илгари сура бошлаган. 1990 йил 2 августда Ироқ қўшинлари Кувайтга бостириб кирган ва унинг нефть ресурсларини эгаллаш мақсадида мамлакатни босиб олган. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Кувайтга қарши тажовузни халқаро ҳуқуқ бузилиши сифатида таснифлаб, Ироққа қарши санкциялар киритган. Қўшма Штатлар ва унинг иттифоқчилари БМТ Хавфсизлик кенгаши мандатини (1990 йил 29 ноябрдаги 678-резолюция) олган ҳолда Кувайтни озод қилиш учун «Чўл бўрони» операциясини (1991 йил 17 январь—28 февраль) ўтказган.

Аввалроқ Ироқ Туркиядан замонавий қуроллар сотиб олишни режалаштираётгани маълум бўлганди. Шунингдек, Ироқ президенти Туркияга мамлакатдан қўшинларини олиб чиқишни айтганди.