Шавкат Мирзиёев 22 декабрь куни Олмалиқ шаҳридаги фаоллар билан учрашувда Тошкент вилоятидаги кадрлар муаммоси ҳақида гапирди, деб хабар бермоқда «Xushnudbek».

Фото: «Xushnudbek»

Давлат раҳбари вилоятда муаммолар кўплиги, кадрлар муаммоси мавжудлиги, Зойир Мирзаевни бекорга бу вилоятга олиб келмаганини айтиб ўтган.

«Мен нима учун ҳоким ёрдамчилари деган тизимни жорий қилдим, чунки ўзим учун яхши кадрлар қидириб юрибман. Мана, бугун ҳам сизлар билан суҳбатда янги кадрлар кашф қилдим.

Мисол учун, Андижон вилоятида 30 йилда ҳокимлар сони кўп бўлмаган. Лекин Тошкент вилоятига мажозий маънода айтганда 30 та ҳоким келиб-кетди. Нега? Чунки ишни эплайдиган яхши кадрлар топиш қийин. Бири коррупцияга йўл очади, бошқаси дарров ғўддайиб, оёғи ердан узилади. Мен амални бераман, лекин арқонни узун ташлаб қўяман.

Зойир Мирзаевни бекорга олиб келмадим бу ерга. Қашқадарё ҳам оғир вилоятлардан бири эди, аммо эплади. Тошкент вилоятида муаммолар кўплиги учун уни атайин бу ерга олиб келдим», — деди Шавкат Мирзиёев.

Аввалроқ Президент Олмалиқ кон-металлургия комбинатига боргани ҳақида хабар берилганди.