Хорижий фуқароларнинг, шунингдек, мигрантларнинг Россияда вақтинча бўлиш муддати мажбурий бармоқ изи олиш, суратга тушиш ва тиббий кўрикдан ўтишдан бўйин товлаган тақдирда қисқартирилади. Бу ҳақда Россия Ички ишлар вазирлиги буйруғига таяниб, «ТАСС» хабар берди.

Фото: «Коммерсант»

Вазирликнинг маълум қилишича, шунингдек, атроф-муҳит учун хавфли юқумли касалликлар, шу жумладан, ОИВ инфекцияси ёки гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиш факти аниқланганда мигрантларнинг мамлакатда бўлиш муддати қисқартирилади.

Таъкидланишича, вақтинчалик бўлиш муддатини қисқартириш тўғрисидаги қарор кўрсатилган фактларнинг камида биттаси аниқланган кундан бошлаб уч иш кунидан кечиктирмай қабул қилинади. Бу ҳақдаги маълумот бир кун ичида чет эл фуқаросига етказилади, шундан сўнг у миграция бўлимига келиши керак бўлади.

«Шу билан бирга, чет эл фуқароси вақтинча бўлиш муддатини қисқартириш тўғрисида қарор қабул қилинган кундан эътиборан уч кун ичида Россияни тарк этиш мажбурияти ва бу мажбуриятни бажармаслик оқибатлари тўғрисида хабардор қилинади», дейилади буйруқда.

Ҳужжат жорий йилнинг 29 декабридан кучга киради. Шу кундан бошлаб Россияда мигрантлар ва мамлакатда узоқ муддат бўлиш учун келган хориж фуқаролари учун бармоқ изи олиш, суратга тушиш ва гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддаларни истеъмол қилиш учун тестдан ўтиш мажбурий бўлади.

Аввалроқ Россияда мигрантларга янги кўринишдаги патент берилиши маълум қилинганди. Шунингдек, мамлакат пойтахтида меҳнат мигрантлари учун патент нархи кўтарилиши ҳақида хабар берилганди.