Беларуснинг «Belavia» рейси техник носозлик туфайли аэропортга қайтишга мажбур бўлганидан сўнг яна Минскдан Тошкентга учди. Бу ҳақда Минск аэропортига таяниб, «РИА Новости» хабар берди.

Фото: «Политринг»

Маълум қилинишича, 22 декабрь куни Тошкент вақти билан соат 22:15 да Минск аэропортидан Тошкентга учган Беларусь авиакомпаниясининг «Boeing 737-800» самолёти республика чегарасига етиб бормай, ортига бурилиб, пойтахт аэропортидан унча узоқ бўлмаган жойда айлана бошлаган.

Минск аэропортининг хабар беришича, экипаж техник сабабларга кўра қайтишга қарор қилган. Тошкент вақти билан 01:30 да «Boeing-737 Belavia» Минск миллий аэропортига эсон-омон қўнган. Қўниш одатдагидек амалга оширилган. Авиакомпания ҳозирча вазиятга изоҳ бермаган, бироқ унинг расмий сайтида Тошкентга парвоз 02:30 га кўчирилгани ҳақида хабар пайдо бўлган.

Аэропортнинг онлайн таблосига кўра, самолётнинг Тошкентга ҳақиқий парвози соат 03:27 да амалга оширилган. Шундай қилиб, «Belavia»нинг Тошкентга парвози тахминан беш соатга кечиккан.

Аввалроқ Самарқанддан Россияга амалга оширилиши керак бўлган чартер рейс кечиктирилгани ҳақида хабар берилганди.