Наманган туманида 18 декабрь куни ҳайдовчи «ЗиЛ» юк машинасида маст маҳалладошининг қўлини босиб кетди. Бу ҳақда Тергов департаменти ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Тергов департаменти ахборот хизмати

Маълум қилинишича, воқеа соат 17:00 да туманнинг Қурама маҳалласи ҳудудида содир бўлган. 26 ёшли А.Н. ушбу маҳаллада яшовчи 46 ёшли Қ.Ф. билан жанжаллашиб қолгани сабабли қўли билан Қ.Ф.нинг юз қисмига бир маротаба уриб, тан жароҳати етказган. Сўнгра унинг чап қўлини «ЗиЛ ММ 3554» русумли автомашина балони билан босиб ўтиб кетган. Оқибатда Қ.Ф. тан жароҳатлари билан туман тиббиёт бирлашмасига ётқизилган.

Фото: Тергов департаменти ахборот хизмати

Олиб борилган терговга қадар текширув натижасида аниқланишича, А.Н. автомашинасини Қурама маҳалласи ҳудудидаги ички кўчалар бўйлаб бошқариб кетаётиб, Қ.Ф.нинг бошқарувида бўлган «Nexia» йўлни тўсиб қўйгани сабабли йўлини давом эттира олмаган. Қ.Ф. эса маст ҳолатда бўла туриб, унга кутиб туришини айтгани сабабли ораларида жанжал вужудга келган.

Фото: Тергов департаменти ахборот хизмати

Мазкур ҳолат юзасидан туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан А.Н.га нисбатан Жиноят кодексининг 104-моддаси 2-қисми «е» банди (Қасддан баданга оғир шикаст етказиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, процессуал тартибда ушланган. Ҳозирда жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Наманганда жанжални тўхтатишга уринган профилактика инспектори пичоқлангани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Сирдарёда икки талаба жанжаллашиб, бир-бирига оғир тан жароҳати етказган.