Наманган вилоятининг Косонсой ва Норин туманлари ҳамда Самарқанд вилоятининг Оқдарё туманига ҳокимлар тайинланди. Бу ҳақда вилоят ҳокимликлари ахборот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, 22 декабрь куни Халқ депутатлари Косонсой тумани кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтган. Депутатлар тасдиғи билан Дилмурод Қодиров туман ҳокими этиб тайинланди. У мазкур лавозимда Президентнинг Наманган вилоятидаги Халқ қабулхонаси мудири бўлган Баҳодир Юсуповнинг ўрнида фаолият бошлади.

Фото: Наманган вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Дилмурод Қодиров 1972 йил 26 апрель куни Наманган шаҳрида туғилган. Маълумоти олий, 1993 йили Андижон қишлоқ хўжалиги институтини тамомлаган. Мутахассислиги олим-агроном. У 2017 йил 17 майдан буён ҳозирги вақтга қадар Норин тумани ҳокими лавозимида фаолият юритиб келаётган эди.

Шундан сўнг Норин туман кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. Сессияда вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов туманнинг собиқ раҳбари Дилмурод Қодиров Косонсой туманига ҳоким лавозимига тайинлангани муносабати билан туман ҳокимлигига янги раҳбар номзодини таништирди.

Фото: Наманган вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Сессияда вилоят раҳбари томонидан тақдим этилган Жўрабек Нурматов номзоди Норин туман депутатлари томонидан қўллаб-қувватланган. Бугунги кунга қадар туман ҳокимининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келган Нурматов ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича тегишли вазирликлар билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган Йўл харитасини туман кенгашида тақдимот қилди.

Шу билан бир қаторда Самарқанд вилояти Оқдарё тумани кенгаши сессиясида ҳам ҳоким тайинлаш масаласи кўриб чиқилди. Оқдарё тумани ҳокими вазифасида фаолият олиб борган Нажмиддин Сулаймоновни бошқа ишга ўтиши муносабати билан ўз аризасига асосан эгаллаб турган вазифасидан озод этилди. «Bugun.uz» манбасига кўра, у вилоят Бандлик бошқармасига раҳбар этиб тайинланади.

Фото: Самарқанд вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Сессияда депутатлар томонидан Шерзод Қудратов номзоди Оқдарё тумани ҳокими лавозимига тасдиқланди. Мазкур тайинловга қадар Шерзод Қудратов Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Самарқанд вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи лавозимида фаолият олиб борган.

Аввалроқ Ромитан тумани ҳокими Хуршид Тоҳиров вазифасидан озод этилиб, унинг ўрнига Умид Барноев тайинлангани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Булунғур тумани ҳокими Баҳодир Баҳромов ўз аризасига кўра ишдан олиниб, ўрнига Самандар Остонов тайинлангани хабар қилинган.